Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бомбапаноҳлар қураётган Туркия, Хитой армиясидаги катта тозалаш ва Трампнинг Ҳиндистонга 50 фоизлик божлари – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Ғазо устидаги режалар жонланмоқда
АҚШ президенти Доналд Трамп чоршанба куни Оқ уй Овал офисида Ғазо секторининг урушдан кейинги келажаги ҳақида узоқ учрашув ўтказди, шу билан бирга Исроил ва ҲАМАС ўртасида ўт очишни тўхтатиш келишуви ҳануз ноаниқ бўлиб қолмоқда, ҳудуд аҳолиси эса гуманитар инқирозга юз тутмоқда.
New York Times'нинг учрашувдан хабардор манбаларига кўра, Трамп ўзининг махсус элчиси Стив Уиткофф, шунингдек, куёви ва собиқ Оқ уй маслаҳатчиси Жаред Кушнер билан 90 дақиқадан ортиқ вақт давомида учрашув ўтказган. Давлат котиби Марко Рубио, у Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси ҳам ҳисобланади, учрашувнинг айрим қисмларида қатнашган. Шунингдек, Буюк Британия собиқ бош вазири Тони Блер ҳам иштирок этган. Бу учрашувда ҳозирча бирорта расмий изоҳ берилмади.
«Трамп Ғазо учун порлоқ келажак ҳақида умумий гапирган — аммо бу келажак ҳудудда яшовчи фаластинликларни ўз ичига олиши шарт эмас. У ҳудудни ҳашаматли курортга айлантириш ҳақида ҳам ўйлаган, баъзида эса аҳолининг бошқа жойга кўчирилишини тилга олган», дейилади NYT хабарида.
Учрашувда қатнашган Жаред Кушнер — Трампнинг биринчи президентлик даврида унинг маслаҳатчиси бўлган, Исроил ва айрим араб давлатлари ўртасида «Абраҳам келишувлари» жараёнига раҳбарлик қилган. Минтақа билан боғлиқ ўз бизнес ва бошқа алоқаларига эга. Кушнер, шунингдек, Трампнинг қизи Иванка билан турмуш қурган. Яқинда Кушнер отаси, Франция президенти Эммануэл Макронни антисемитизмда айблаб, танқид қилганди.
Трампнинг шу йилнинг феврал ойида Ғазони АҚШ назорати остига олиш ва ҳудудни «Яқин Шарқ Ривериаси»га айлантириш режаси қаттиқ танқидлар остида ортга чекинган эди. Аслида унинг бу режаси — бир йил олдин Кушнер илгари сурган ғояга ҳамоҳанг бўлиб, Ғазони фаластинликлардан тозалаш ва уни денгиз бўйидаги кўчмас мулк ҳудудига айлантиришни кўзлаган эди.
2003 йил Ироқ уруши пайтида Британия бош вазири бўлган Тони Блернинг кеча Оқ уйдаги учрашувга чақирилгани бежиз эмас. FT хабарига кўра, Тони Блер асос солган ақл маркази Ғазонинг урушдан кейинги қайта қурилиши юзасидан турли гуруҳлар билан кўплаб суҳбатлар ўтказган, аммо уларда одамларни мажбуран кўчириш ғояси бўлмаган.
Илгари ўтказилган музокаралар қисқа муддатга жангларни тўхтатишга муваффақ бўлган бўлса-да, ҳанузгача можаро тугатишнинг иложи бўлмаяпти. Исроил халқаро танқидларга қарамай геноцид кўринишида урушини давом эттирмоқда.
Туркияда бомбапаноҳлар қуриш бошланди
Туркиянинг барча 81 вилоятида эҳтимолий уруш вақтида сақланиш учун бомбапаноҳлар қуриш бошланди. Бу ҳақда расмий Анқаранинг режалари билан таниш манбасига таяниб Middle East Eye нашри хабар бермоқда.
Президент Ражаб Тоййиб Эрдўған бу лойиҳани июн ойида ўтказилган ҳукумат йиғилишида маъқуллаган. Ўша пайтда Эрон ва Исроил 12 кунлик уруш ҳолатида бўлиб, Исроил Эронга ҳаво ҳужумларини алмашаётганди.
Туркия Уй-жой қурилиш бошқармасига бункерларни қуриш вазифаси юклатилган. Маълум қилинишича, Туркия Миллий разведка академияси тайёрлаган «Исроилнинг Эронга қарши 12 кунлик уруши»га оид ҳисоботда – ҳукуматга эрта огоҳлантириш тизимларини жорий этиш ва яхши жиҳозланган бомбапаноҳлар қуриш тавсия қилинган.
Ҳисоботда, шунингдек, йирик шаҳарлардаги метро станцияларидан фойдаланиш ва минтақавий можаро юз берган тақдирда тинч аҳоли орасида талафотларни минималлаштириш чораларини қўллаш таклифлари мавжуд.
Туркиянинг NTV телеканали ушбу ташаббуснинг мақсади «мумкин бўлган урушлар ёки офатлар, жумладан, ядро таҳдидларида тинч аҳолининг ҳимояланиши мумкин бўлган хавфсиз ҳудудлар яратиш» экани ҳақида маълумот берди. Турк қурувчилари бу борада Япония, Швейцария ва Исроил тажрибаларини ўрганишган.
Ҳозирги кунда Туркиядаги эски бомбапаноҳлар талабларга жавоб бермайди: уларнинг кўпчилиги автотураргоҳ ёки омбор сифатида фойдаланилмоқда. Янги бомбапаноҳлар қурилиши аллақачон айрим шаҳарларда, жумладан, пойтахт Анқарада бошланган.
Хитой ҳарбий раҳбариятида катта тозалаш
Си Жинпинг Хитой раислигидаги учинчи муддати давомида илгари шахсан тайинлаган 79 нафар генералдан 14 нафари омма эътиборидан ғойиб бўлган ёки терговга тортилган, деб ёзди Bloomberg. Агентликнинг қайд этишича, унинг ўтмишдошлари ҳокимият тепасида бўлган 20 йил ичида бирорта ҳам бундай ҳолат кузатилмаган.
Марказий ҳарбий кучлар бошлиғининг ўринбосари Хе Вейдун ғойиб бўлган энг юқори мартабали генералдир. Унга айнан нима бўлгани номаълум. ОАВ маълумотларига кўра, унга нисбатан коррупция бўйича иш очилган, бироқ бу расман тасдиқланмаган.
Тозалашлар оқибатида Хитой армиясининг олий коллегиал органи — Марказий ҳарбий кенгашда етти аъзодан фақат тўрт нафари қолди — бу Мао Сзедун давридан бери энг паст кўрсаткичдир.
Bloomberg нашрига кўра, армиядаги ўзгаришлар ва репрессиялар ёрдамида Си ўз шахсий ҳокимиятини мустаҳкамламоқда. Шу билан бирга, таҳлилчиларнинг фикрича, асосий ҳарбий раҳбарларнинг четлатилиши қуролли кучларнинг тайёргарлигини, жумладан, Тайван билан эҳтимолий можарога тайёргарлигини шубҳа остига қўйиши мумкин.
Россия–Украина уруши
Уруш ва ҳарбий тўқнашувлар билан безовта дунёда афсуски Россия–Украина уруши ҳам давом этмоқда.
Пайшанбага ўтар кечаси Киевда дронлар таҳдиди сабаб яна ҳаво ҳужуми огоҳлантириши эълон қилинди. Хусусан, Киев вилояти ҳарбий маъмурияти маълумотига кўра, камида тўрт киши ҳалок бўлган, қарийб 30 киши яраланган. Бу якуний рақам эмас, ҳокимият вакиллари вайроналар остида ҳануз одамлар борлигини билдирган.
Дарница туманида беш қаватли турар жой биносининг бутун бир қисми тўғридан тўғри зарба натижасида вайрон бўлган. ВВС мухбири воқеа жойида тўрт кишининг жасадини кўрганини тасдиқлаган.
Ҳужумда бир нечта турдаги қуроллар: «Шаҳед» дронлари, баллистик ракеталар, қанотли ракеталар ва «Кинжал» гипертовушли ракеталари ишлатилган. Дарница, Днепров, Соломянский, Шевченко ва бошқа туманларда 20 дан ортиқ жойда зарбалар қайд этилган.
Россия Мудофаа вазирлиги эса ушбу тунда 100 дан ортиқ украин дронлари уриб туширилгани билдирди. Энг кўп дронлар Қора денгиз устида (22 дона), шунингдек, Ростов ва Самара вилоятлари устида (ҳар бири 21 дона) уриб туширилгани айтилган.
Волгоград вилояти губернатори аввалроқ дронлар ҳужумини «масштабли» деб атаб, оқибатида локомотив депосида ёнғин чиққанини билдирганди.
АҚШда Ҳиндистон маҳсулотларига 50 фоизгача тарифлар кучга кирди
27 август куни АҚШ президенти Доналд Трампнинг Ҳиндистондан импорт қилинадиган маҳсулотларга тарифларни икки баравар ошириб, 50 фоизгача етказиш қарори кучга кирди. Ҳиндистоннинг Россия нефтини харид қилгани учун жорий этилган 25 фоизлик жарима тарифи Трампнинг аввалги 25 фоизлик тарифига қўшилди. Натижада кийим-кечак, қимматбаҳо тошлар ва заргарлик буюмлари, оёқ кийим, спорт анжомлари, мебел ва кимё маҳсулотлари каби товарларга умумий божлар 50 фоизгача чиқди.
Янги тарифлар Ҳиндистондаги минглаб кичик экспортчилар ва иш ўринларига хавф солмоқда, жаҳоннинг энг тез ўсаётган иқтисодиётнинг ўсишига ҳам зарба бериши кутилмоқда.
Ҳиндистон Савдо вазирлиги ҳозирча янги ишга тушган божлар бўйича изоҳ бермади. Бироқ вазирлик расмийсининг анонимлик шарти билан айтишича, тарифлардан зарар кўрган экспортчилар молиявий ёрдам олади ва Хитой, Лотин Америкаси ҳамда Яқин Шарқ каби янги бозорларни ўрганишга ундалади.
Вашингтон Ҳиндистоннинг Россия нефтини харид қилиши Москвага Украинадаги урушни молиялаштиришга ёрдам беради, дея ҳисоблайди. Ҳиндистон эса бу айбловни «иккиюзламачилик» деб атаб, АҚШ ва Европанинг Россия билан давом этаётган савдо алоқаларига ишора қилмоқда.
АҚШ томонига кўра, 2024 йилда икки томонлама товар савдоси 129 миллиард долларга етган, шундан 45,8 миллиард доллар АҚШнинг савдо тақчиллиги бўлган.
Исроил Сурияда янги операциялар ўтказди
Al-Jazeera нашрининг маҳаллий манбаларга таяниб хабар беришича, Суриянинг Кисва шаҳрида бир кун аввалги дрон зарбалари натижасида олти нафар аскар ҳалок бўлганидан сўнг Исроил янги операцияни амалга оширди.
Исроил кучлари Дамашқнинг жануби-ғарбида жойлашган Кисва ҳудудидаги собиқ ҳарбий казармага бир неча зарбалар уюштирган. Шу билан бирга, Исроил армияси тўрт вертолёт ёрдамида мазкур казармада қўниш (десант) операциясини ўтказган.
Манбанинг таъкидлашича, Исроил армияси юзлаб аскарларни ва номаълум миқдорда қидирув ускуналарини олиб келган ва икки соатдан ортиқ вақт давомида мазкур ҳудудда бўлган. Исроил десант кучлари ва Сурия армияси ўртасида ҳеч қандай тўқнашув бўлмаган.
Муваққат президент Аҳмад аш-Шаръа ҳукумати вакиллари Исроилни минтақада назоратни кенгайтиришга уринишда тобора кўпроқ айбламоқда. Чоршанба куни Сурия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида бу зарба «халқаро ҳуқуқ ва БМТ низомининг қўпол бузилиши» деб аталди. Шунингдек, баёнотда ҳужум «Сурия Араб Республикасининг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига очиқдан очиқ тажовуз» экани таъкидланди.
Исроил — Башар Асад диктатураси ағдарилганидан бери турли баҳоналар билан Суриянинг ҳарбий объектлари ва активларини нишонга олган ва юзлаб зарбаларни амалга оширди.
Мавзуга оид
14:06
Европалик сиёсатчиларни ҳақорат қилган Путин, Исроил-Миср газ келишуви ва АҚШнинг рекорд даражадаги мудофаа бюджети – кун дайжести
14:48 / 17.12.2025
Венесуэла танкерларига жорий қилинган блокада, Покистон олдидаги «синов» ва АҚШга фуқаролари кириши тақиқланган 35 давлат – кун дайжести
13:53 / 16.12.2025
Россия сувости кемасини йўқ қилган Украина, Марокашдаги сув тошқинлари ва Нетаняҳудан норози Трамп – кун дайжести
15:20 / 15.12.2025