Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Британия компанияси Тошкентда қурилиш чиқиндиларини қайта ишлаш заводи қуради
Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовга кўра, пойтахтда ихтисослаштирилган полигоннинг мавжуд эмаслиги сабабли қурилиш чиқиндилари турли жойларга ташлаб кетиляпти. Ушбу муаммони ҳал қилиш учун Британия компанияси билан музокаралар олиб бориляпти.
Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг таъкидлашича, пойтахтнинг асосий муаммоларидан бири қурилиш чиқиндиларидир. Шаҳарда ҳар куни 5−6 минг тоннага яқин бундай чиқиндилар ҳосил бўлади.
“Тошкент шаҳрида қурилиш чиқиндилари учун махсус полигон йўқ, мавжуди ҳам жуда узоқда. Шу туфайли қурилиш чиқиндилари у-бу жойга ташлаб кетилмоқда”, — деди у Ўзбекистон 24 телеканалига берган интервьюсида.
Умурзоқовнинг сўзларига кўра, президент Тошкентда ёки пойтахт яқинида қурилиш чиқиндиларини қайта ишлаш заводини қуришга рухсат берган.
Ҳозирда ҳокимлик Британия компанияси билан музокаралар олиб бормоқда. Лойиҳа қурилиш чиқиндиларини қайта ишлаш ва улардан иккиламчи тахта, инерт ва металл материаллар олиш имконини беради. Ҳоким бу масалани ҳал қилиш билан жуда катта имконият яратилишини таъкидлади.