Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қонга бўялган Қамчиқ, порага “дача” ва Қорақалпоғистон йўллари учун 233 млн доллар – маҳаллий дайжест
Шаҳидлар хотираси хиёбонида Қатағон қурбонлари ёд этилди. Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Қорақалпоғистондаги йўллар учун 233 млн доллар қарз ажратади. Техникумларда янги ўқув йили бошланиш санаси белгиланди. Порага далаҳовли олишга уринган Жалақудуқ тумани ҳокими ўринбосари ушланди. Автомобилга газбаллон ўрнатиш учун рухсатномани олиш жараёни осонлашди. Kun.uz ёритган ушбу ва бошқа муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.
Шаҳидлар хотираси хиёбонида қатағон қурбонлари ёд этилди
29 август — Қатағон қурбонларини ёд этиш кунида Шаҳидлар хотираси хиёбонига давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, кексалар ҳамда зиёлилар йиғилди.
Маросимда президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди. Хиёбондаги рамзий қабр ёнида Қуръон тиловат қилинди. Шу ерда уламо ва зиёлилар билан тарихни ўрганиш ва ёшларга ўргатиш, мустақиллик ва тинчликни қадрлаш ҳақида мулоқот бўлди.
Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Қорақалпоғистондаги йўллар учун 233 млн доллар қарз ажратади
Лойиҳа доирасида Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу (А380) автомобил йўлининг тахминан 87 километри реконструкция қилинади. Шунингдек, 75 километрлик янги айланма йўл (Тўрткўл – Элликқалъа – Беруний) қурилади.
Лойиҳа минтақавий алоқани яхшилаш, саёҳат вақтини қисқартириш, йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш ва мамлакатнинг ғарбий ҳудудларида транспорт инфратузилмасининг иқлим ўзгаришига чидамлилигини оширишга қаратилган.
Ўзбекистон 1995 йилда ОТБ аъзоси бўлганидан бери Банк давлат секторига умумий қиймати қарийб 14,3 миллиард АҚШ доллари миқдорида қарз, грант ва техник ёрдам ажратган.
Техникумларда янги ўқув йили 3 сентябрдан бошланади
Республика касбий таълим ташкилотларида 2025-2026 ўқув йили бошланиш санаси тасдиқланди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг тегишли буйруғига кўра, 9-синф негизида шакллантирилган гуруҳларда ҳамда ўрта ва ўрта махсус касбий таълим даражалари бўйича 2- ва 3-курс ўқувчилари учун дарс жараёнлари 2025 йил 3 сентябрдан бошланади.
Порага далаҳовли олишга уринган Жалақудуқ тумани ҳокими ўринбосари ушланди
Андижон вилояти, Жалақудуқ тумани ҳокими ўринбосари ДХХ томонидан қамоққа олинди.
У балиқ етиштиришга ихтисослашган фермер хўжалигида аниқланган 4,1 млрд сўмлик зарар бўйича судга даъво аризаси киритмаслик, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан зарар миқдорини 10 баробарга оширилган ҳолда ундириш чораларини кўрмасликка ваъда берган. Эвазига фермерга тегишли бўлган Хонобод шаҳридаги 10 сотихли далаҳовлини ўз қариндоши номига ўтказиб беришни талаб қилган.
Автомобилга газбаллон ўрнатиш учун рухсатномани олиш жараёни осонлашди
Энди My.gov.uz орқали онлайн ариза тўлдириш ва уни Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига (ЙҲХХ) юбориш керак. Қолган ишларни ЙҲХХ ходимлари амалга оширади.
Ариза кўриб чиқилгач натижа шахсий кабинетга юборилади. Хизмат нархи – 123 600 сўм (0,3 БҲМ).
Қамчиқ довонидаги даҳшатли «авария»лар
Ўтган сутка ичида куни Қамчиқ довонида иккита аянчли йўл транспорт ҳодисаси юз бериб, уларда уч киши ҳалок бўлди.
А-373 автомобил йўлининг Наманган вилояти, Поп тумани ҳудудидан ўтган қисмида, Водий—Тошкент йўналишида Lacetti автомашинасини бошқариб кетаётган ҳайдовчи ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмасдан ўзи билан бир йўналишда ҳаракатланиб келаётган юк машинасига урилиб, ЙТҲ содир этган. Оқибатда Lacetti йўловчиси оғир тан жароҳати билан вафот этган. Иккинчи йўловчи эса шифохонага ётқизилган.
Шунингдек, ушбу ҳудудда соат 8:39 ларда Cobalt’ни бошқариб кетаётган ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб ўзи билан бир йўналишда йўлнинг ўнг томонида ҳаракатланиб кетаётган юк машинасининг орқа қисмига ва йўлнинг ўнг томонида ҳаракатланиб кетаётган яна бир юк машинасига урилган. Оқибатида икки йўловчи оғир тан жароҳатлари билан вафот этган.
Ҳар икки ҳолат юзасидан Поп тумани ИИБ тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Мавзуга оид
21:52 / 17.12.2025
Тошкентда янги «сити»лар ва XCM молиявий пирамидасининг қулаши – маҳаллий дайжест
21:26 / 16.12.2025
Тошкентда йирик иссиқлик таъминоти маркази ва қўқонлик табибнинг судга берилиши – маҳаллий дайжест
21:30 / 15.12.2025
Тадбиркорлар учун янги имкониятлар ва ИИБ ходимининг мудҳиш жинояти – маҳаллий дайжест
21:02 / 12.12.2025