Технология | 21:31 / 01.09.2025
4970
2 дақиқада ўқилади

Apple янги iPhone’ларда SIM-карта слотидан бутунлай воз кечади

Бунинг ўрнига янги смартфонларда eSIM ишлатилади.

Apple АҚШда сотиладиган iPhone’лардаги SIM-карта слотидан воз кечишга қарор қилган эди. 9To5Mac хабарига кўра, Европада сотиладиган iPhone 17 смартфонларини ҳам худди шундай тақдир кутмоқда. Бунинг ўрнига янги смартфонларда eSIM ишлатилади.

Маълум қилинишича, Apple Европадаги фирма дўконларидаги ходимларини eSIM технологияси билан ишлашни ўрганишга мажбур қилган. Курсни якунлашнинг сўнгги муддати 5 сентябр, яъни iPhone 17 тақдимотидан бир неча кун олдин қилиб белгиланган. Тақдимот 9 сентябрга белгиланган.

eSim - бу фойдаланувчиларга жисмоний пластик SIM-картадан фойдаланмасдан уяли алоқа тариф режасини фаоллаштириш имконини берувчи рақамли SIM-карта. Мутахассисларнинг таъкидлашича, iPhone’дан SIM-карта учун слотни олиб ташлаш бир қатор афзалликларга эга бўлади:

  • Смартфон корпусида жой бўшаши аккумулятор сиғимини ошириш ёки бошқа компонентларни жойлаштириш учун ишлатилиши мумкин.
  • Физик тирқишнинг йўқолиши конструкцияни соддалаштиради, чанг ва намликдан ҳимоя қилиш даражасини оширади.
  • Ниҳоят, бутун дунё бўйлаб аппарат платформасини бирлаштириш компания учун ишлаб чиқариш жараёни ва логистикани ҳам соддалаштиради.

2024 йил ноябр ойида The Information нашри iPhone 17 Air’нинг барча версияларида, минтақадан қатъи назар, смартфоннинг қалинлиги туфайли SIM-карта учун слот бўлмаслигини ёзган эди. Эҳтимол, ўзгаришлар ҳозирча фақат унга тааллуқлидир.

iPhone 17 смартфонларидан ташқари, компания бир вақтнинг ўзида учта Apple Watch ва AirPods 3 Pro моделларини ҳам тақдим қилади. Бундан ташқари, AirTag 2 устида иш олиб борилаётгани ҳақида миш-мишлар бор. Инсайдерлар маълумотларига кўра, Apple бу ойда камида 7 та янги қурилмани тақдим этади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид