Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шавкат Мирзиёев Сергелидаги замонавий хусусий тиббиёт маркази билан танишди
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Сергели туманида жойлашган Global International Hospital хусусий кўп тармоқли тиббиёт маркази фаолияти билан танишди. Давлат раҳбари марказда яратилган замонавий шароитларни кўздан кечириб, хусусий тиббиёт ҳамда тиббий туризмни янада ривожлантириш бўйича муҳим вазифаларни белгилаб берди.
Давлат раҳбари Сергели туманида жойлашган Global International Hospital хусусий кўп тармоқли тиббиёт марказида бўлиб, муассаса фаолияти ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар билан танишди.

30 миллион доллар инвестиция ҳисобига барпо этилган мазкур марказда аҳолига талаб юқори бўлган кўплаб тиббий йўналишлар бўйича хизматлар кўрсатилмоқда. Муассаса йилига 150 минг нафардан ортиқ беморга хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлиб, йиллик хизматлар ҳажмини 15 миллиард сўмга етказиш режалаштирилган.

Президентга марказнинг жарроҳлик, реанимация ва даволаш бўлимлари, шунингдек, ситуацион марказ фаолияти тақдим этилди.
Лойиҳа доирасида 250 та янги иш ўрни яратилган. Муассасада хорижда малака оширган юқори малакали мутахассислар ва чет эллик шифокорлар ҳам фаолият юритмоқда. Марказ Буюк Британия, Италия ва Германиядан келтирилган замонавий тиббий жиҳозлар, жумладан, PHILIPS компаниясининг илғор ускуналари билан жиҳозланган.

Давлат раҳбари айрим йўналишлар бўйича ушбу марказни таянч тиббиёт муассасасига айлантириш муҳимлигини таъкидлаб, бу ерда тўпланган илғор тажриба асосида шифокорлар малакасини ошириш ва замонавий тиббий хизматлар қамровини кенгайтириш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар берди.

Президент тиббиёт маркази ходимлари билан мулоқотда хусусий тиббиётни қўллаб-қувватлаш, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш ва тиббий туризмни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.