Хитойнинг молиявий ресурслари ва технологиялари Ўзбекистон учун анча жозибадор. Ўз навбатида, Пекин ҳам Тошкент билан муносабатларга ўз манфаати нуқтайи назаридан қарайди. Томонларни тарихан яқинлаштирувчи темирйўл қурилиши аллақачон бошланган. Kun.uz студиясида сиёсатшунослар Камолиддин Раббимов ва Алауддин Комилов Ўзбекистон етакчисининг Хитойга ташрифи ҳақида сўз юритди.

Камолиддин Раббимов: Дунёнинг энг қудратли ва энг катта иқтисодий салоҳиятга эга давлати АҚШ биз учун географик жиҳатдан сайёранинг нариги томонида жойлашган. Сўнгги 30 йилда эса дунёдаги иккинчи қудратли давлат, харид қобилияти паритетига кўра биринчи ўринда турувчи мамлакат бу – қўшнимиз Хитой Халқ Республикаси. Андижондан Хитой чегарасигача атиги 150 км. Орада фақат Қирғизистон бор, холос.

Ўзбекистон ва Хитой раҳбарлари учрашуви чоғида Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темирйўли лойиҳаси ҳақида ҳам сўз борди. Раҳбарлар бу лойиҳада реал ишлар бошланганини таъкидладилар. Ушбу темирйўл стратегик аҳамиятга эга. Ўзбекистоннинг тарихий орзуларидан бири – фақат шимолга боғланган темирйўл йўналишига муқобил йўллар қуриш эди. Бу муқобил йўналишлардан бири шарқ йўналиши бўлиб, Фарғона водийси орқали Қирғизистон ва Хитойга чиқишни назарда тутади. Ҳозиргача бу йўналишда темирйўл мавжуд эмас эди, ҳозир эса қурилиши бошланди. Украина-Россия уруши ҳам бу жараёнга бевосита таъсир кўрсатди. Россияга нисбатан санкциялар кучайгач, Хитойга муқобил транспорт йўллари заруратга айланди. Аслида бу лойиҳа 1990-йилларда Ўзбекистон томонидан илгари сурилган, бироқ ўшанда Хитой бу ташаббусга унчалик қизиқмаган эди.

Тарихан дунёдаги энг муҳим савдо йўлларидан бири – Буюк ипак йўли денгиз йўллари ривожлангач ўз аҳамиятини йўқота бошлади. Денгиз йўллари тез, арзон ва хавфсиз бўлгани учун, Буюк ипак йўли аста-секин тўхтаб қолди. Бу эса Марказий Осиё иқтисодий салоҳиятига салбий таъсир кўрсатди. Ҳозир эса дунё ривожи янги босқичга чиқди: денгиз йўллари ҳаддан ташқари тўлиб-тошган. Шунинг учун Хитой ҳам, бошқа давлатлар ҳам қуруқлик орқали барқарор ва арзон темир йўлларга эҳтиёж сезмоқда. Илгари бу техник жиҳатдан қийин эди, бугун эса имконият бор.

Шунингдек, АҚШ-Хитой зиддияти фонида ҳам қуруқлик йўллари муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу икки мамлакат ўртасидаги эҳтимолий можаролар айнан денгиз ҳудудларида бўлиши мумкин. Шу сабабли Хитойга тинч ва барқарор қуруқлик йўллари керак бўлади. Ўзбекистон ва Марказий Осиё учун эса шимолга боғлиқликни камайтириш учун шарқий йўналишда Хитойга чиқиш катта аҳамиятга эга.

Совет иттифоқи парчаланганидан сўнг, узоқ йиллар давомида Ўзбекистоннинг асосий савдо-иқтисодий ҳамкори Россия бўлиб келган. Россиянинг улуши 33-35 фоиз атрофида эди. Бироқ сўнгги 5-6 йилда Хитой биринчи рақамли ҳамкорга айланди. Бугунги кунда Хитойнинг Ўзбекистон ташқи савдосидаги улуши 23 фоизни ташкил қилади. Бу жуда катта кўрсаткич.