Молия | 21:55 / 03.09.2025
4690
2 дақиқада ўқилади

Etihad Airways'нинг соф фойдаси 32 фоизга ўсди

Йил бошидан бери 27 та янги йўналишда парвозларни йўлга қўйган авиаташувчи биринчи ярим йилликда 10 миллиондан ортиқ йўловчи ташиди ва ўз тарихида илк бор 305 млн доллар соф фойда олди.

Фото: Reuters / Matthew Childs

Абу-Дабида асосланган Etihad Airways авиакомпанияси 2025 йилнинг биринчи ярмини ўз тарихидаги энг катта фойда билан якунлади.

Reuters хабарига кўра, компаниянинг 6 ойлик соф фойдаси 1,12 миллиард дирҳам (304,96 млн доллар)ни ташкил этган. Бу – ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 32 фоизга кўп.

Ҳисобот даврида Etihad'нинг йўловчи ташувлари 17 фоизга ошиб, 10,2 млн нафарга етган.

Бошқарув кенгаши раиси Муҳаммад Али Ал-Шорафа бундай юқори кўрсаткичларни халқаро кенгайиш билан изоҳлади: компания январдан буён 27 та янги йўналишда парвозларни қўлга қўйган ва сўнгги 18 ой ичида самолётлари сони 20 тага кўпайган.

Reuters'нинг ёзишича, Etihad биржа орқали акцияларини дастлабки оммавий жойлаштиришга (IPO) тайёр, аммо яқин орада бундай режалар йўқ. Авиаташувчи кейинги 10 йил ичида 20 млрд долларлик кенгайиш стратегиясини ўзи мустақил равишда молиялаштиришни режалаган.

Эслатиб ўтамиз, Яқин Шарқдаги сўнгги ҳарбий ҳаракатлар, хусусан июн ойида Исроил ва Эрон ўртасида юз берган 12 кунлик уруш минтақадаги кўплаб авиакомпаниялар даромадига салбий таъсир кўрсатган эди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид