Спорт | 23:38 / 03.09.2025
3260
2 дақиқада ўқилади

Испанияда «Вуэлта» велопойгаси Фаластин тарафдорлари намойиши туфайли муддатидан олдин якунланди

Ташкилотчилар 11-босқичда ғолиб бўлмаслигини эълон қилди.

Фото: AP

Фаластин тарафдорлари намойиши Испаниянинг Билбао шаҳрида «Вуэлта» велопойгаси 11-босқичини тўлиқ якунлашга имкон бермади. AP хабарига кўра, пойга финишга 3 км масофа қолганида тўхтатилди.

«Маррадаги воқеалар туфайли биз финишга 3 километр қолганда пойгани тўхтатдик. Босқич ғолиби бўлмайди», деб эълон қилди ташкилотчилар.

Қайд қилинишича, финишга яқин жойни Фаластин байроқлари ва Фаластинни қўллаб-қувватловчи плакатлар кўтарган намойишчилар эгаллаган. Ташкилотчилар полиция чақиришга мажбур бўлган.

11-босқич олдидан Профессионал велосипедчилар ассоциацияси (CPA) пойгачилар, хусусан, «Исроил - Premier Tech» жамоаси хавфсизлиги бўйича хавотир билдириб, хавфсизлик чораларини кучайтиришга чақирган эди.

Бир кун аввал трассадаги норозилик намойишлари «Intermarche - Wanty» пойгачиси Симоне Петиллининг йиқилишига сабаб бўлди.

Испаниянинг «Вуэлта» велопойгаси «Тур де Франс» ва «Жиро д’Италия» билан бир қаторда учта асосий кўпкунлик пойгалардан бири. Пойга 14 сентябр куни Мадридда якунланади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид