Жаҳон | 22:45 / 03.09.2025
10753
3 дақиқада ўқилади

Трамп АҚШ қуролли кучларини Россия ва Хитойни тийиб туриш учун тайёрлашни буюрди

АҚШ мудофаа вазирининг таъкидлашича, Оқ уйнинг аввалги маъмурияти лаёқатсизлиги Россия ва Хитойнинг ўзаро яқинлашишига ёрдам берган.

Фото: Reuters

Доналд Трамп Пентагонга АҚШ қуролли кучларини қайта қуриш ва зарурат туғилганда Россия ва Хитойни тийиб туриш учун тайёрлашни топширди. Бу ҳақда АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет Fox News телеканалига берган интервьюсида айтди.

Ҳегсет сўзларига кўра, Оқ уйнинг аввалги маъмурияти лаёқатсизлиги Россия ва Хитойнинг ўзаро яқинлашишига ёрдам берган.

«Шунинг учун ҳам президент Трамп мудофаа вазирлигига тайёр туришни топширди, жумладан, ҳарбий руҳни тиклаш ва тийиб туришни қайта тиклаш учун қуролли кучларимизни тарихий тарзда қайта қуришга», деди Ҳегсет.

Унинг қўшимча қилишича, бу Қўшма Штатлар ким биландир зиддият излагани учун буюрилмади, балки, можароларнинг олдини олишга қаратилган.

«Намойишлар ва [ҳарбий] парадлар - бу нормал ҳолат, аммо улар ҳарбий можароларга айланиб кетмаслиги керак», деди Ҳегсет.

АҚШ мудофаа вазирининг айтишича, Оқ уйнинг ҳозирги маъмурияти «коинотда, осмонда, денгизда ва сув остида стратегик устунликни» сақлаб қолмоқчи. Шу билан бирга, Ҳегсет «Олтин гумбаз» тизимини тилга олди, унинг сўзларига кўра, Хитой ҳозирча уни қуролмайди.

«Трамп Си билан ажойиб муносабатларга эга ва бу ҳамкорликда ишлаш йўлини топишга ёрдам берадиган дастакдир. Акс ҳолда биз доимо тайёр турамиз», деб хулоса қилди Ҳегсет.

3 сентябр куни Пекиндаги Тянанмэн майдонида Иккинчи жаҳон уруши якунланганининг 80 йиллигига бағишланган ҳарбий парад бўлиб ўтди. Парадда 20 дан ортиқ дунё етакчилари, жумладан Россия президенти Владимир Путин ва КХДР етакчиси Ким Чен Ин иштирок этди.

Трамп ижтимоий тармоқда шундай деб ёзди: «АҚШга қарши фитна уюштираётган Владимир Путин ва Ким Чен Инга энг илиқ тилакларимни етказинг».

Путин Хитойга тўрт кунлик ташрифи якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида «Трамп сўзлари ҳазилдан холи эмаслигини» таъкидлади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид