Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мазали, аммо хатарли: қайта ишланган маҳсулотларни нега камроқ ейиш лозим?
Фото: Getty images
Колбаса, чипс, газли ичимликлар, консерва ҳамда ярим тайёр таомлар кўпчиликнинг кундалик дастурхонида учрайди. Улар ташқи кўриниши ва таъми билан кўнгилни ром этсада, умумий саломатликка ижобий таъсир кўрсатмайди. Хусусан, бу турдаги маҳсулотлар ошқозонни тўйдириши мумкин, бироқ организмга зарур бўлган табиий моддалар билан таъминламайди. Оқибатда инсонда турли касалликлар юзага келиши хавфи ошади. Ушбу мақолада қайта ишланган маҳсулотларнинг таркиби, уларнинг зарарли жиҳатлари ҳамда юрак, жигар, ошқозон, эндокрин ва асаб тизимига қандай таъсир кўрсатиши ҳақида сўз боради.
Қайта ишланган маҳсулот нима?
Табиий озиқ-овқатнинг дастлабки кўриниши ўзгартирилган, унга қўшимча моддалар қўшилган ёки ишлаб чиқариш жараёнида таркибий қисми бузилган овқат тури. Оддий қилиб айтганда, бундай маҳсулот инсон истеъмол қилишидан олдин бир неча босқичли технологик қайта ишловдан ўтади. Уларга қуйидагилар киради:
- Узоқ муддат сақланиши учун консервантлар қўшилган егуликлар: колбаса, консервалар, қадоқланган шарбатлар.
- Харидоргир ва кўриниши жозибали бўлиши учун бўёқлар ва таъм кучайтирувчилар билан бойитилган маҳсулотлар: чипс, газли ичимликлар, тез тайёрланадиган ширинликлар.
- Қайта ишлаб чиқарилган егуликлар: оқ нон, рафинацияланган шакар, ёғ, тезпишар макаронлар.
Қайта ишланган маҳсулотларнинг афзаллиги шундаки, сақлаш муддати узоқ, ташишда қулай ва тез тайёрланади. Лекин уларнинг организм учун фойдаси кам, калория миқдори юқори бўлади.

Зарарли жиҳатлари
Аввало, бундай маҳсулотларда транс-ёғ ва туз жуда кўп. Чипс, колбаса, сосиска ёки тез тайёрланадиган овқатлар таркибидаги транс-ёғлар организмда “ёмон” холестеринни оширади, “яхши” холестеринни эса камайтиради. Оқибатда қон томирлари тиқилиб, юрак-қон томир касалликлари хавфи ортади. Бундан ташқари, ортиқча туз истеъмоли қон босимини кўтариб, гипертония, инсулт ва юрак етишмовчилиги каби касалликларга замин яратади.
Иккинчи муаммо — ортиқча шакар. Газли ичимликлар, ширинликлар ва ярим тайёр десертлар кўпинча ўзида меъёридан бир неча баравар кўп шакар сақлайди. Бундай шакар организмда тез сўрилиб, ёғ сифатида тўпланади. Жараён семириш, 2-тоифа диабет ҳамда метаболик синдромга олиб келиши мумкин. Шунингдек, тишлар учун ҳам катта хавф туғдиради.
Учинчи жиҳат — кимёвий қўшимчалар. Консервант, бўёқ, ароматизатор ва бошқа сунъий моддалар маҳсулотни жозибадор қилади, лекин уларнинг танада тўпланиб бориши эҳтимоли бор. Илмий тадқиқотлар баъзи консервантларнинг саратон келтириб чиқариши мумкинлигини тасдиқлаган. Сунъий бўёқлар эса аллергия чақириши ёки болаларда фаоллик ва диққатни бошқаришга салбий таъсир қилиши мумкин.
Энг катта муаммолардан бири — озиқ моддалари йўқолиши. Қайта ишлаш жараёнида маҳсулотдаги табиий витамин ва минераллар сезиларли даражада камайиб кетади. Натижада одам калорияни кўп қабул қилади, лекин тўйимли овқатланмайди. Масалан, оқ нон ишлаб чиқаришда доннинг фойдали қисмлари олиб ташланади, бу эса организмда толалар ва B-витаминлар танқислигига олиб келади. Ушбу жараёнда инсон қорнини тўйғазади, лекин организми учун зарур бўлган моддаларни олмайди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, қайта ишланган озиқ-овқатларни мунтазам истеъмол қиладиган одамлар соғлиғида жиддий ўзгаришлар кузатилади. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бундай маҳсулотларни кўп истеъмол қилувчилар орасида:
- Семизлик даражаси икки баравар юқори. Сабаби чипс, газли ичимликлар ва ярим тайёр овқатларда калория кўп, аммо фойдали моддалар кам.
- Юрак-қон томир касалликлари хавфи 30 фоизга ортади. Бунга транс-ёғ, ортиқча туз ва шакар асосий сабаб бўлади.
- Умр давомийлиги 5–7 йилга қисқариши мумкин. Чунки нотўғри овқатланиш танани секин-аста емиради, организмнинг табиий ҳимоя кучларини заифлаштиради.
Мутахассислар қайта ишланган овқатни бутунлай тақиқлаш керак демайди. Лекин уни имкон қадар камайтириш, ўрнига янги сабзавот, мева, донли маҳсулотлар ва табиий оқсил манбаларини танлашни маслаҳат беришади.
Кундалик ҳаётимизда энг кўп истеъмол қилинадиган 10 та қайта ишланган маҳсулот рўйхати:
- Оқ нон ва булочкалар – уннинг табиий толалари олиб ташланади, оқартириш ва ишлов бериш жараёнида фойдали моддалар камаяди.
- Колбаса ва сосиска – гўштга консервант, туз, бўёқ, таъм кучайтирувчи ва турли қўшимчалар қўшилади.
- Чипс ва қовурилган снаклар – кўп миқдорда туз, ёғ ва сунъий таъм берувчи моддалар мавжуд.
- Газли ичимликлар – шакар, кофеин, сунъий бўёқ ва консервантларга бой.
- Тез тайёрланадиган лапша ва шўрвачалар – ичига зиравор аралашмалари, натрий ва ёғли кукунлар қўшилади.
- Ширинликлар (шоколад, конфет, печене) – кўп шакар, маргарин, сунъий ранг ва ҳид берувчилар мавжуд.
- Консерва маҳсулотлари (гўшт, балиқ ёки сабзавот консерваси) – узоқ сақланиши учун кимёвий моддалар қўшилади.
- Маргарин – табиий сут ёғи ўрнига транс-ёғ кислоталари ишлатилади.
- Қутичадаги шарбат ва энергетик ичимликлар – таркиби кўпинча табиий шарбат эмас, шакар ва ароматизаторли концентрат бўлади.
- Тез тайёрланадиган нонушта маҳсулотлари – қадоқлашда фойдали деб кўрсатилади, лекин таркибида шакар ва қўшимчалар кўп бўлади.

Соғлом алтернативалар
Тез тайёрланадиган овқатлар ўрнига сабзавот ва мевалар. Фастфуд ёки ярим тайёр овқатларни пишириб ейиш осон ва қулайдек кўринади. Лекин улар зарарли транс-ёғ, туз ва қўшимчаларга бой. Шуларнинг ўрнига янги сабзавот ва меваларни танлаш фойдалироқ. Улар табиий витамин ва минераллар манбаи бўлиб, иммунитетни мустаҳкамлайди ва ҳазм қилишни яхшилайди.
Газли ичимликлар ўрнига сув ёки табиий шарбат. Ширин газли ичимликлар –– шакарнинг асосий манбаларидан бири. Уларни мунтазам ичиш семизлик ва диабет хавфини оширади. Оддий ичимлик сувини танлаш организмни чанқовдан халос қилади, терини тозалайди ва метаболизмни яхшилайди. Агар хилма-хиллик исталса, табиий сиқилган шарбат ёки мевали сув (детокс ичимликлар) соғломроқ алтернатив ҳисобланади.
Колбаса ва консервалар ўрнига табиий гўшт ва балиқ. Колбаса, сосиска ва консервалар узоқ сақланиши учун кўплаб моддани сақловчи қўшимча ва туз қўшилади. Уларнинг ўрнига янги гўшт ёки балиқни қайнатиб, димлаб ёки тандирда пишириб истеъмол қилиш соғломроқ танлов бўлади. Масалан, оддий қайнатилган товуқ ёки буғда пиширилган балиқ юрак ва қон томир саломатлиги учун фойдали оқсил манбаи ҳисобланади.
Ширинликлар ўрнига қуритилган мевалар, асал ва ёнғоқлар. Дўконлардаги торт, печене ва конфетлар кўп шакар ва сунъий қўшимчаларни ўз ичига олади. Уларни ортиқча истеъмол қилиш семизлик ва тиш касалликларига олиб келади. Бунинг ўрнига табиий ширинликларни танлаш мумкин: масалан, қуритилган мевалар (майиз, ўрик қоқи), асал ёки ёнғоқлар. Улар ширинликка бўлган эҳтиёжни қондириб, организмни фойдали ёғлар, витамин ва толалар билан ҳам таъминлайди.
Соғлом алтернативаларга ўтиш нафақат касалликларнинг олдини олиш, балки энергия, кайфият ва ҳаёт сифати яхшиланишига ҳам хизмат қилади.
Диёрахон Набижонова
Мавзуга оид
09:21 / 04.12.2025
Айрим озиқ-овқат маҳсулотларини божсиз олиб чиқиш меъёрлари эълон қилинди
14:48 / 26.11.2025
Саноат корхоналарининг асосий қисми озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган
12:44 / 17.11.2025
Озиқ-овқат маҳсулотларига санитария хулосаси 3 йилга берилади
09:00 / 17.11.2025