Спорт | 20:42 / 08.09.2025
4912
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ФИФА президентини «Дўстлик» ордени билан тақдирлади

Ўзбекистон раҳбари «ўзбек футболини ривожлантириш ва халқаро майдонда илгари суришга қўшган шахсий ҳиссаси» учун ФИФА раҳбари Жанни Инфантинога давлатнинг юксак мукофоти – «Дўстлик» орденини топширди.

Президент Шавкат Мирзиёев 8 сентябр куни Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси (ФИФА) раҳбари Жанни Инфантино билан учрашди.

ФИФА президенти Ўзбекистон етакчиси ва халқини тарихий воқеа – миллий терма жамоани 2026 йилда АҚШда бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионатининг финал босқичига йўлланмани қўлга киритгани билан табриклади.

Ўзбекистоннинг ушбу нуфузли халқаро тузилма билан, энг аввало, футболни ташкил этиш ва бошқариш тизимини такомиллаштириш, ёш истеъдодларни юзага чиқаришга кўмаклашиш, мураббийлар, ҳакамлар, менежерлар, спорт шифокорлари ва техник мутахассисларни халқаро даражада тайёрлаш борасидаги сермаҳсул ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Футболни, биринчи навбатда, ёшлар ўртасида оммалаштириш бўйича қўшма дастурларни амалга оширишда яқиндан ҳамкорлик қилинаётгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Тошкентда Марказий Осиё мамлакатлари учун ФИФА минтақавий офисини очиш юзасидан келишувга эришилди.

Учрашув якунида Мирзиёев ўзбек футболини ривожлантириш ва халқаро майдонда илгари суришга қўшган шахсий ҳиссаси учун ФИФА раҳбари Жанни Инфантинога давлатнинг юксак мукофоти – «Дўстлик» орденини топширди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид