Жаҳон | 18:57 / 11.09.2025
12466
7 дақиқада ўқилади

«Агар кетсак қайтолмаймиз» - қолиш ёки ўлим танлови қаршисида турган ғазоликлар ҳикояси

Исроил Ғазо шаҳридаги барча аҳолига жанубга эвакуация буйруғини берди. Аммо ғазоликлар кетмоқчи эмас – кимдадир маблағ йўқ, бошқаларга дори-дармон зарур, кўплари эса қайтолмаслигидан қўрқмоқда. Исроил армияси шу ҳафтанинг ўзида юзлаб бино ва чодирларни вайрон қилган пайтда аҳоли оғир танлов қаршисида турибди. The New York Times фаластинликларнинг дардига қулоқ тутди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

9 сентябрь куни Исроил армияси Ғазо шаҳридаги барча аҳолига эвакуация буйруғини берди, чунки улар шаҳарни тўлиқ назоратга олиш учун ҳужумга тайёрланмоқда. Армиянинг айтишича, улар шаҳар ҳудудининг 40 фоизини эгаллаб бўлган ва бир нечта кўп қаватли биноларни бомбардимон қилган. Чоршанба куни яна бир минорани уриб туширди, уни Исроил «Ҳамас томонидан фойдаланилмоқда» деб айтди.

Аммо вайронага айланган шаҳарда кўплаб одамлар кетишни истамаяпти ёки кетолмайди. Кўплаб фаластинликлар агар чиқиб кетса, Исроил уларга қайтишга рухсат беришига ишонмаслигини айтишди. Айримларида эса сафар учун пул йўқ, бошқалар эса тиббий ёрдамга муҳтож бўлиб, жанубда у хизматлар бўлмаслигидан қўрқмоқда.

Фото: Eyad Baba/Agence France-Presse – Getty Images
Фото: AFP

Аксарият одамлар уруш давомида камида бир марта, кўплари бир неча марта кўчишга мажбур бўлган. Улар ҳудуднинг ҳеч бир жойи хавфсиз эмаслигига ишонмоқда. The New York Times Ғазода очлик ва имконсизлик қаршисида қолган инсонларнинг дардига қулоқ тутди.

Тақдирлар…

Элҳам Шамали – Ғазо шаҳридаги юз минглаб одамлар сингари, азобли танлов қаршисида қолди. У оиласи билан яна қочиб, кўчиб юришнинг ноаниқликлари ва хўрликларига чидашни танлаши ёки Исроилнинг тўлиқ ҳужумидан олдин эвакуация буйруқларига риоя қилмаслиги керак.

Фото: AFP

47 ёшли Шамали уруш икки йил аввал бошланганида уйини бир марта ташлаб кетганди. Бироқ жануб хавфли бўлиб қолганидан кейин қайтиб келган. Бу сафар у оиласи билан Ғазо шаҳрининг бошқа маҳалласига кўчишини айтди, бироқ шаҳардан чиқмасликка қатъий қарор қилган.

«Биламизки, агар кетсак, қайтиб келолмаймиз,» деди урушдан олдин университет профессори бўлган аёл. Унинг кўплаб қўшнилари ҳам худди шундай ҳис қилмоқда. Унинг айтишича, сўнгги кунларда жанубга йўл олишдан олдин қўшнилари уйларидаги қимматбаҳо қурилиш материалларини ажратиб олмоқда.

«Мен одамларнинг дераза ромлари ва эшикларни олиб кетаётганини кўрдим,» деди у. «Бу қайтиб келмасликларини билишларини англатади».

Фото: Reuters

Ал Нассер болалар шифохонасида шифокор бўлиб ишловчи доктор Бакр Гаоуд эса 11 ёшли ўғли Саиф Элдин эпилепция билан даволанмоқда.

«Мен Ғазо шаҳридан жанубга кета олмайман. Шунчаки эплай олмайман. Керакли дориларнинг деярли барчаси йўқ, лекин жанубда вазият бундан ҳам ёмон бўлади», деди у.

Фото: Reuters

30 ёшли Ҳидая ал-Фалоужи тўрт фарзанди билан қолишини айтади. Унинг Жабалиядаги уйи урушнинг бошида вайрон қилинган ва ҳужум натижасида эри ҳамда акаси ҳалок бўлган. У вайронани ташлаб, чодирга кўчганида ўзини «уйини ва урушдан олдинги ҳаётини ташлаб кетгандек» ҳис қилганини айтган.

«Йўл бўйлаб йиғладим. Мен кетмайман. Ғазони ташлаб кетмайман. Ёки шу ерда ўламан, ёки шаҳримда матонат билан қоламан».

Фото: Reuters

Кўплаб одамлар учун олдинги эвакуациялардаги машаққат ва зўравонлик хотиралари яна қолишга ундамоқда.

36 ёшли Муҳаммад ал-Нажжар жанубдаги тажрибалари уни ҳануз таъқиб қилаётганини айтди. «Агар энди кетсак, шаҳарнинг ҳозирги кўринишини ҳеч қачон қайта кўрмаймиз,» деди у. «Агар қайтсак ҳам, Ғазо бутунлай текисланган бўлади».

«Исроил армияси жанубда ҳам одамларни худди шимолда бўлгани каби ўлдирмоқда, унда кетишдан нима фойда?» дейди аҳоли вакилларидан бири.

Исроил Ғазо шаҳрини тўлиқ эгалламоқчи

Исроил Ғазо шаҳрини Ҳамаснинг таянч пункти деб тасвирламоқда ва унинг аъзоларини йўқ қилиш учун шаҳарни тўлиқ эгаллаш кераклигини айтади. Ўтган ҳафта у тинч аҳолига жанубий қирғоқдаги ал-Маваси ҳудудини «ҳуманитар зона» деб атаб, у ерга боришни буюрган эди.

Фото: New York Times

Reuters нашрининг ёзишича, Ал-Маваси олдиндан сийрак аҳолига эга бўлган бўлиб, энди минглаб одамларни қабул қилиш учун бошпана, санитария, сув, озиқ-овқат тақсимоти ва тиббий хизматдан маҳрум. Бундан ташқари, Исроил Ҳамасни баҳона қилиб, ўша ҳудудга ҳам кўп марта ҳаво зарбаларини уюштирган ва ўнлаб одамларни ўлдирганди.

Шу ҳафтанинг бошида Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу: «Ғазо аҳолиси, сиз огоҳлантирилдингиз – чиқиб кетаверинглар!» деди. У Исроил сўнгги кунларда 50 та йирик биноларни бузиб ташлаганини, бу Ғазо шаҳрига қуруқликдаги босқиннинг кириш қисми эканини қўшимча қилди.

Фото: Reuters

Мудофаа вазири Исраэл Катц эса сектор осмонини «кучли бўрон» қоплаши, Ҳамас гаровдагиларни озод қилиб, қуролини ташламаса – Ғазо вайрон бўлишини айтди.

Шундан буён Исроилнинг Ғазо шаҳрига ҳам, сектор ҳудудига ҳам ҳужумлари тўхтамаяпти. 2023 йил октябрдан буён қарийб 65 минг фаластинликлар Исроил ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлди.

Фото: Reuters

Август ойида озиқ-овқат хавфсизлиги ва тўйиб овқатланмаслик даражасини баҳолайдиган глобал ташкилот — IPC Ғазо шаҳрида ва унинг атрофида «бутунлай инсон қўли билан яратилган» очарчилик юз бераётганини билдирган эди.

Al-Jazeera'нинг ёзишича, Исроил шу ҳафта юзлаб кўп қаватли уйлар, чодирлар ва бошпаналарни вайрон қилган. Натижада ўн минглаб одамлар бошпанасиз қолмоқда. Қутқарув ташкилоти маълум қилишича, бу одамлар «энди очиқ осмон остида, ҳаёт учун энг зарур нарсалардан маҳрум, ўлим, очлик ва чидаб бўлмас иссиққа қарши курашиб, тасвирлаб бўлмас фожиали манзарада яшашга мажбур» эканини билдиради.

Фото: Reuters

9 сентябрь куни Исроил Доҳада сулҳ шартларини муҳокама қилиш учун йиғилган Ҳамас етакчиларига суиқасд қилди. Қатарга берилган зарба сулҳ ва гаровдагиларни қайтариш масаласини ортга суриб юборди. Бундан ташқари, Яқин Шарқда катта дипломатик можаронинг бошланишига сабаб бўлмоқда.

Фото: Reuters

Мавзуга оид