Жаҳон | 11:40 / 12.09.2025
1692
1 дақиқада ўқилади

БМТ Исроилнинг Қатарда ҲАМАСга зарбасини қоралади

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик кенгаши Исроилнинг Қатарда ҲАМАСга уюштирган зарбасини қоралади ва тинчликка эришиш учун дипломатик саъй-ҳаракатларни давом эттиришга чақирди. Исроил Қатардан ҳамасчиларни мамлакатдан чиқариб юборишни талаб қилди.

Фото: Selcuk Acar/Anadolu/IMAGO

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик кенгаши Исроилнинг Қатар пойтахти Доҳага берган зарбасини қоралади, у Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи юқори мартабали вакилларини нишонга олганди. Бу ҳақда 11 сентябр, пайшанба куни кенгаш сайтида маълум қилинди.

«Хавфсизлик кенгаши аъзолари асосий воситачи ҳудуди ҳисобланган Доҳага яқинда берилган зарбаларни қоралади. Улар тинч аҳоли ҳалок бўлганидан чуқур афсусда эканини билдирди», — дейилади Хавфсизлик кенгашида. Кенгаш, шунингдек, «деэскалациянинг муҳимлигини» таъкидлади ва «Қатар билан бирдамлик»ни билдирди. 

«Кенгаш аъзолари гаровга олинганларни, жумладан, ҲАМАС жангчилари томонидан ўлдирилганларни топшириш, Ғазо секторидаги уруш ва азоб-уқубатларга чек қўйиш бизнинг устувор вазифамиз бўлиб қолиши кераклигини таъкидлади», дейилади йиғилиш якунлари бўйича матбуот баёнотида. Унда тинчликка эришиш учун Қатар, Миср ва Қўшма Штатлар воситачилигидаги дипломатик саъй-ҳаракатларни давом эттиришга чақирилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид