Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Президент Хоразмда инфратузилма ва ер тоифаси масаласини ҳал қилишни буюрди
Шавкат Мирзиёевга 12 сентябр куни Хоразм вилоятида ислоҳотлар натижадорлиги ва янги режалар юзасидан ахборот берилди.
Қайд қилинишича, табиий ресурслари чекланган бу ҳудуд иқтисодиёти таркибий ўзгаришлар орқали ривожлантирилмоқда. Сўнгги саккиз йилда 2 миллиард доллар инвестиция киритилиб, 25 мингдан ортиқ саноат корхоналари очилган. Ишлаб чиқариш ҳажми 2,2 карра ошган. Бугун вилоятда тўқимачилик, автомобилсозлик, электр техникаси, озиқ-овқат ва қурилиш материаллари саноати бор.
Тошсоқа магистрал канали қайта тиклангани натижасида Хоразм учун ўта муҳим бўлган суғориш тизими яхшиланди. Амударё устига янги кўприк қурилди.
8 йилда вилоятда 660 та кўп қаватли турар жой барпо этилди. 4 минг 751 километр ичимлик суви ва 206 километр канализация тармоғи қурилди, 580 минг аҳоли марказлашган ичимлик суви тармоғига уланди.
Жорий йил бошидан 100 минг эҳтиёжманд аҳоли иш билан таъминланди. Камбағаллик даражаси январдаги 12 фоиздан 6,8 фоизга тушиб, энг яхши кўрсаткич бўлди.
Бундай ишларни янада кенгайтириш мақсадида Хоразм вилоятида ҳам «Ислоҳотлар штаби» тузилди.

Тақдимотда тадбиркорларнинг таклифлари асосида ишлаб чиқилган янги лойиҳалар ҳақида ахборот берилди. Масалан, Жанубий Кореянинг 100 миллион доллар инвестицияси ҳисобидан Урганч туманида чиқинди ёқиш орқали электр энергияси олиш лойиҳаси мўлжалланган.
Австралия компанияси 820 миллион доллар инвестиция киритиб, Тупроққалъа туманида 600 минг тонна экологик тоза авиация ёқилғиси ва 50 минг тонна «яшил дизел» ишлаб чиқариш таклифини билдирган. Корхона эҳтиёжи учун 5,5 минг гектарда 4 гигаватт қуёш панеллари ўрнатилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, Словакия корхонаси 170 миллион доллар ҳисобига Тупроққалъа туманида 5 минг гектарда рапс етиштириб, биоёқилғи ишлаб чиқариш заводи қуришни режалаштирган.
Умуман, Хоразмда 2 миллиард 400 миллион долларлик янги лойиҳалар тайёрланган. Шунингдек, шаҳар ва туманларнинг қўшимча имкониятлари ҳисобидан яна 86 миллион долларлик истиқболли лойиҳа ва ташаббуслар шакллантирилган.
Давлат раҳбари инвесторларга қулайлик яратиб, лойиҳаларни жадаллаштириш бўйича топшириқлар берди.
Вилоятдаги саноат зоналаридан тўла фойдаланилмаётгани кўрсатиб ўтилди. Инфратузилма ва ер тоифаси масаласини ҳал қилиб, 100 дан зиёд лойиҳаларни ишга тушириш зарурлиги айтилди. Хоразмнинг жойлашувидан келиб чиқиб, саноат йўналишларини пухта режалаштириш, бунга вилоятнинг ички салоҳиятини тўлиқ сафарбар қилиш кераклиги таъкидланди.
Тадбиркорликни ривожлантириш, яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Мавзуга оид
09:59 / 04.12.2025
Навоий вилояти аҳоли жон бошига инвестициялар ҳажми бўйича етакчилик қилмоқда
11:42 / 01.12.2025
Украина тадбиркорлари Ўзбекистонга инвестиция киритишга қизиқиш билдирди
13:33 / 27.11.2025
Хоразмда тиббиёт бирлашмалари 160 минг истеъмолчидан асоссиз маблағ олгани аниқланди
08:11 / 23.11.2025