Жаҳон | 12:20 / 14.09.2025
11346
4 дақиқада ўқилади

Болтиқбўйига ҳужум бўлса 5-модда ишга тушадими?

Болтиқбўйи давлатлари хавфсизлиги бугун Европадаги энг долзарб масалалардан бири. Россия дронларининг Полша ҳудудига кириши умумий хавотирни кучайтирди, бироқ Ғарб манбалари Россиянинг НАТОга бевосита ҳужуми эҳтимолдан йироқ эканини таъкидламоқда.

Минтақадаги вазият эса НАТО хавфсизлик архитектурасини жиддий савол остига қўйди: “5-модда ишга тушадими?”

“Геосиёсат”да таҳлилчилар НАТО ва Россиянинг эҳтимолий тўқнашув хавфини муҳокама қилишди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Болтиқбўйи давлатларининг ҳаво ҳудудини ёпиш ва чекловлар жорий этишга асослари борми?

Анвар Йўлдошев: Йўқ, ҳозирча Россия НАТО давлатларига бевосита ҳужум қилади деган аниқ маълумот йўқ. Ғарб манбалари ҳам бу фикрни тасдиқламайди. Бироқ кеча Полша ҳудудига дронларнинг кириб келиши умумий хавотирни кучайтирди. Шунингдек, Россиянинг Украинадаги ҳозирги устунлиги ҳам Европада қўшимча ташвиш уйғотмоқда. Шу боис, “Россия кейинчалик НАТО давлатларига, айниқса Болтиқбўйи мамлакатларига ҳужум қилиши мумкин”, деган хавотирлар янграмоқда. Бироқ Ғарб давлатлари вакиллари: “Россия бугун ҳам, яқин беш йил ичида ҳам ҳужум қилмайди, аммо эҳтимол 10 йил ичида хавф туғилиши мумкин”, деган эҳтиёткорона фикрларни билдирмоқда.

Шахсан менинг фикримча, бу хавотирлар асосли эмас. Россия, халқ урушдан, давлат ҳам иқтисодий босимдан чарчаган. Ҳозир мамлакат ички иқтисодиётини сақлаб қолишга кўпроқ эътибор қаратмоқда. Шу сабабли, яқин йилларда Россиянинг НАТО давлатларига қарши кенг кўламли уруши кутилмайди.

На катта, на кичик давлатларга қарши ҳарбий тажовуз эҳтимоли кўринмаяпти. Хусусан, Озарбойжон, Қозоғистон ёки Болтиқбўйи мамлакатлари Эстония, Латвия ва Литвага нисбатан ҳам яқин орада ҳужум кутилмайди. Россия НАТОга ҳужум қилмайди, бу мумкин эмас. Эстония бутунлай НАТО аъзоси ва агар унга ҳужум қилинса, 5-модда ишга тушади; яъни бошқа иттифоқчилар зудлик билан ёрдамга келади. Россия буни жуда яхши тушунади, шунинг учун Эстония, Латвия, Литва ёки ҳатто Молдовага қарши кенг кўламли ҳужум амалий томондан мутлақо абсурд.

Шуҳрат Расул: Россиянинг Украинадаги муваффақиятсизлиги уни кичик ва тез эришиладиган ғалабага интилишга ундаши табиий. Бошланғич мақсад Киев ёки Лвовни эгаллаш бўлган, аммо ҳозирги ҳолатда Россия бу ютуқларга эриша олмади; Донбассдаги операцияларни ҳам тез тугатолмаяпти ва экспертларнинг баҳосига кўра, ҳозирги темпда яна йиллаб давом этади. Шу сабабли Москва ўз позициясини кучайтириши учун унга кичикроқ бўлса ҳам ғалаба керак. Молдова ёки кичикроқ Болтиқбўйи давлатларига нисбатан провокацияларни ташкил қилиши мумкин. Полшага қарши кенг кўламли ҳужум имконияти кам, аммо кичик ва заифроқ давлатларга босим ўтказиш орқали сиёсий шантаж қилиш стратегияси мантиққа тўғри келади. Шундай қилиб, Россиянинг стратегияси катта ғалаба ўрнига кичик, тез натижа бера оладиган операциялар орқали ўз позициясини мустаҳкамлаш бўлиши мумкин.

Эстониянинг армияси тахминан 10 минг, Молдованики эса 12 минг аскардан иборат. Назарий жиҳатдан, агар Россия Эстонияга бостириб кирса, бу кучларни енгиши мумкин. Бироқ бу фақат эҳтимолий сценарий сифатида тилга олинмоқда. Биз “албатта, шундай бўлади” демаяпмиз. Бу фикрлар ҳозирги кунда дунё матбуотида муҳокама қилинаётган ва ҳарбий аналитиклар томонидан билдирилаётган тахминлардир.

Бугунги кунда НАТОнинг 5-моддаси ҳақиқатан ҳам ишга тушадими ёки йўқми, бу савол очиқ қолмоқда. Чунки Европа ва АҚШ сиёсатида турли қарашлар мавжуд. Масалан, Трамп бир неча бор Болтиқбўйини “босиб олавер” мазмунидаги гапларни айтган. Ҳозир эса Трампнинг ўзи дронлар масаласида “адашган бўлиши мумкин” деб воқеаларни хаспўшлашга уринмоқда.

Суҳбатни тўлиқ шаклда YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид