Жаҳон | 19:13 / 14.09.2025
18725
5 дақиқада ўқилади

«Труба 3.0»: РФ қўшини ҳужум учун яна бир бор газ қувуридан фойдаланган – бу сафар Купянскда

Yehor Kryvoruchko / Kordon.Media / Global Images Ukraine / Getty Images

Россия ҳарбийлари кенг кўламли уруш давомида учинчи марта газ қувури орқали Украина қуролли кучлари позициялари ортига ўтиб олиш тактикасини қўллади. Бу ҳақда Украина қуролли кучлари бош штабига яқин бўлган DeepState OSINT-проекти маълум қилди.

Украин таҳлилчилари маълумотларига кўра, Харкив областида ҳужум қилаётган россияликлар Купянск шаҳрига бориш учун газ қувури орқали Оскол дарёсини кечиб ўтган. РФ қўшинлари шунга ўхшаш тактикани аввалроқ Донецк областидаги Авдийивкада ва Курск областидаги Суджада ҳам қўллаганди.

DeepState’нинг таъкидлашича, Купянск ҳудудида Россия ҳарбийлари бутун бир логистика артериясини қурган. «Қувурнинг кириш йўллари Первая Лиман ҳудудида жойлашган. Қувурда ҳаракатланиш учун махсус ишлаб чиқилган ғилдиракли каравотлар, шунингдек, баландлик имкон берадиган электр самокатлардан фойдаланилади», – деб ёзади DeepState.

Газ қувури орқали Купянск атрофигача бўлган йўл тахминан тўрт кунлик, шу туфайли йўлда дам олиш учун махсус жойлар ва озиқ-овқат захиралари мавжуд, дейилади хабарда.

Шу тариқа, душманнинг уюшган гуруҳлари жиддий йўқотишларсиз Радковкагача етиб боради ва кейин жанубга, ўзлари назорат қиладиган ўрмонга кўчиб ўтади. Шундан сўнг улар Купянск бўйлаб тарқалиб, темирйўлгача етиб боришади.

DeepState хабари чиқиши ортидан навбатдаги «Қувур» операцияси ҳақидаги маълумотлар россиялик «ҳарбий блогерлар» ва ҳукуматпараст телеграм-каналлар томонидан ҳам тарқатила бошланди. Шунингдек, тармоқларда Россия ҳарбийлари қувур орқали Купянскка кириб бораётгани акс этган видео пайдо бўлди.

Россия мудофаа вазирлиги Купянск яқинидаги ҳужум ҳақидаги маълумотни ҳали тасдиқламади.

DeepState’нинг таъкидлашича, Россия қўшинлари аллақачон Купянск кварталларида олдинга силжиб, шаҳарнинг шимолий қисмида ҳужум қилмоқда. Харкив областининг Россия томонидан босиб олинган ҳудудлари «ҳарбий-фуқаролик маъмурияти раҳбари» этиб тайинланган Виталий Ганчев Россия қуролли кучларининг ҳужум гуруҳлари ҳақиқатан ҳам Купянскда экани ва Украина қуролли кучлари бўлинмаларини шаҳардан ишонч билан сиқиб чиқараётганини айтган.

Купянскнинг Украина томонидан тайинланган ҳарбий маъмурияти раҳбари Андрей Канашевич эса шаҳарда Россия қўшинлари борлигини рад этган. «DeepState шошилди, Купянскда россияликлар йўқ. Жанглар чекка жойларда давом этмоқда. Купянскнинг бутун ҳудуди мудофаа кучлари назорати остида», – деди у миллий телемарафон эфирида.

Шу билан бирга, у шаҳардаги вазиятни кескин деб атаган. «Свет, сув ва газ йўқ, шиддатли отишмалар туфайли тиклаш ишларини олиб боришнинг иложи йўқ. Шаҳарнинг 90 фоиздан ортиқ қисми вайрон бўлган ёки шикастланган. Шунга қарамай, Купянскда ҳали ҳам кўплаб одамлар қолмоқда», – дея қўшимча қилган Канашевич.

Украина қуролли кучлари бош штаби ҳам Россия ҳарбийлари Купянскка газ қувури орқали киришга муваффақ бўлганини рад этмоқда. Украина қўмондонлиги шаҳар ва унинг атрофидаги вазият Украина қуролли кучлари томонидан назорат қилинаётганини даъво қилмоқда. «Душман шахсий таркибни Купянскка кўчириш учун фойдаланган қувурдан чиқиш жойи Украина ҳимоячилари назорати остида. Қувур линияси тўғридан тўғри шаҳарга олиб бормайди. Эслатиб ўтамиз, Купянск ҳудудида бир нечта қувурлар мавжуд. Тўрттадан учтаси аллақачон шикастланган ва сув остида қолган, тўртинчисидан чиқиш жойи мудофаа кучлари назорати остида», – дейилади Украина қуролли кучлари бош штаби баёнотида.

«Медуза» «Разбор» бўлими шарҳи

Россия қўшинлари 3 сентябр куни Купянскнинг ғарбий ярим қисмига (Оскол дарёсининг ўнг қирғоғида) кирган. Россия мудофаа вазирлиги эълон қилган видеога кўра, ҳарбийлар шаҳарнинг шимолий чеккаси ва марказида байроқларини ўрнатган. Украина қўмондонлиги шаҳарга россиялик диверсантлар киргани, улар дарҳол Купянскдан чиқариб юборилганини маълум қилди. Бироқ, бир неча кундан кейин ҳам Украина дронлари шаҳарнинг шимоли-ғарбий қисмидаги Россия позицияларига ҳужум қилишда давом этди.

«Қувур»дан чиқиш жойи бўлган Радковка қишлоғи Россия қуролли кучлари томонидан 2025 йил 24 июлдан олдинроқ эгаллаб олинган. Шундай қилиб, «қувур»дан Украина қуролли кучларининг фронт ортига чиқиш учун эмас, балки захираларни фронтга ўтказиш учун фойдаланилиши мумкин эди. Гап шундаки, Россия қўшинлари узоқ вақтдан бери Украина дронлари фаоллиги туфайли Оскол дарёсининг ғарбий қирғоғидаги плацдармни «қуруқлик» орқали таъминлашда муаммоларга дуч келмоқда.

Украина қуролли кучлари учун вазиятни Украина армияси Купянскнинг шарқий қисмида (Оскол дарёси ортида) кенг плацдармга эга экани мураккаблаштиради. РФ қуролли кучлари шаҳарнинг ғарбий ярмини эгаллаши шарқий соҳилдаги украин бўлинмалари қуршовга тушишига олиб келиши мумкин.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид