Жаҳон | 20:48 / 15.09.2025
6774
3 дақиқада ўқилади

Россия бартер ёрдамида санкцияларни четлаб ўтмоқда: зиғир уруғи ва алюминий эвазига Хитойдан автомобиллар ва техникалар олмоқда

Фото: Сергей Бобилев / РИА Новости / Sputnik / Scanpix / LETA

Россия ташқи савдосида 1990-йиллардан бери биринчи марта бартер савдоси улуши ортиб бормоқда, деб ёзади Reuters. Шу йўл орқали Москва ва унинг ҳамкорлари иккиламчи санкциялар билан боғлиқ хавфлардан қочишга ҳаракат қилмоқда.

Агентлик 1990-йилларда Россияда бартер савдоси юқори инфляция ва рубл қадрсизланиши туфайли фойдали бўлганини эслатган. Ҳозирда эса доллардаги транзакцияларнинг чекланган имконияти шароитида ундан фойдаланиш ортиб бормоқда. Хитойдаги кўплаб банклар санкциялар рўйхатига тушишдан қўрқади, шунинг учун улар Россиядан пул қабул қилишни истамайди – бартер операцияларини кузатиш эса анча мураккаброқ.

2024 йил бошида Россия Иқтисодий ривожланиш вазирлиги «Ташқи савдо бартер битимлари навигатори»ни эълон қилди, унда санкцияларни четлаб ўтиш учун бартердан фойдаланиш бўйича қисқа тавсиялар берилганди. Ўшанда вазирлик бартер биржаси сифатида ишлайдиган махсус савдо платформасини яратишни таклиф қилган. Reuters’нинг ёзишича, бундай схемалардан тижорат мақсадларида фойдаланишга оид ҳақиқий далиллар яқинда пайдо бўлган.

Агентлик журналистлари илгари номаълум бўлган саккизта йирик бартер битимини ўрганиб чиқди. Улардан бири доирасида Хитой автомобиллари Россия Федерациясига буғдой эвазига етказиб берилган: россиялик контрагент Россияда донни рублга сотиб олиб, хитойлик ҳамкорларга топширган, улар эса ўз навбатида Хитойда олдиндан юанга сотиб олинган автомобилларни беришган.

Reuters томонидан ўрганилган яна иккита келишувда Россия компаниялари зиғир уруғини маиший техника ва қурилиш материалларига алмаштирган; бундай операциялардан бирининг қиймати 100 минг АҚШ долларидан ошган. Бошқа операцияларда россиялик контрагентлар Хитойга машиналар ва Хитой хизматлари эвазига алюминий, бошқа металлар ва хомашё етказиб берган. Покистон билан ҳам бир бартер битими тузилгани маълум.

Бундай операцияларнинг баъзилари Россия томонига санкциялар остида бўлган Ғарб товарларини қўлга киритиш имконини берди, дейди агентлик манбалари.

Reuters агентлигининг савдо соҳасидаги уч нафар суҳбатдоши бундай амалиёт «тобора оммалашиб бораётгани»ни тасдиқлади. Шу билан бирга, агентликнинг ёзишича, бундай битимларнинг шаффоф эмаслиги сабабли бартер савдосининг умумий ҳажмини аниқлаш жуда қийин.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид