Жаҳон | 07:47 / 16.09.2025
5800
1 дақиқада ўқилади

Россия НАТО чегаралари яқинидаги манёврларда "Циркон" ракетасини синовдан ўтказди

Москва Баренц денгизидаги нишонга "Циркон" гипертовушли ракетаси муваффақиятли учирилганини эълон қилди. Синов Россия ва Беларус НАТО билан кескинлик шароитида ўтказаётган кенг кўламли "Запад-2025" манёврлари доирасида бўлиб ўтди.

Фото: Россия Мудофаа вазирлиги

Россия «Запад-2025» ҳарбий машғулотларида «Циркон» гипертовушли ракетаси муваффақиятли синовдан ўтказилгани ҳақида маълум қилди. Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, ракета Баренц денгизидаги нишонга учирилган ва уни тўғридан тўғри урган.

«Запад-2025» машғулотлари 12 сентябрда бошланган ва Россия ва Беларус ҳудудида, шунингдек, Болтиқбўйи ва Баренц денгизлари сувларида бўлиб ўтмоқда. Уларда ҳар икки давлатнинг штаблари ва қўшинлари иштирок этяпти. Москванинг таъкидлашича, бу манёврлар Иттифоқ давлатини ҳимоя қилиш ва «ҳудудий яхлитликни тиклаш»га қаратилган. 

Полша ва унинг НАТОдаги иттифоқчилари 10 сентябр куни Полша ҳарбийлари Россиянинг учувчисиз учоқлари томонидан мамлакат ҳаво ҳудуди бузилгани ҳақида хабар берганидан сўнг, юқори шай ҳолатга келтирилди. Полша ўз иттифоқчилари кўмагида бир нечта объектларни уриб туширди. Москва воқеага алоқадорлигини рад этди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид