Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия қамоғи ва урушдан омон қолишнинг ноодатий йўли – ўзбек “наркобарони” иқрори
Айни пайтда Россияда жазо муддатини ўтаётган ўзбекистонлик маҳбус аввал Сурхондарёда тўрт кишидан иборат, гиёҳванд воситалари ноқонуний савдоси билан шуғулланган жиноий тўдага бошчилик қилганини айтмоқда. Унинг айтишича, Узун туманида бир неча жойга гиёҳванд моддаларини яширган. У жазони Ўзбекистонда ўташ имконияти бўлса, қилмишларини тан олишга ва шерикларини фош қилишга тайёрлигини билдирди.
У ўзининг Ўзбекистонда наркобарон бўлгани, гиёҳванд моддалар ноқонуний савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳга бошчилик қилганини айтмоқда.
Украинада урушга мажбурланаётган маҳбуслар ҳақида турли хабарлар аввал ҳам тарқалган эди. Аммо бу сафар ўзбекистонлик маҳбуснинг шахсий гувоҳлиги вазият анча жиддий эканини кўрсатмоқда.
Маҳбуснинг айтишича, у турган қамоқхонада маҳбуслар муттасил урушга даъват қилиб келинади. У қамоқхонага келаётган ҳарбийлар “Урушга боришларинг учун сизлар билан шартнома тузилади, 1 миллион рублгача ҳақ тўланади. Кўпи билан 10–15 кун ичида картангизга маблағ ўтказилади. Бир йил ичида хизматдан қайтсангиз, озод этиласиз ва қилган жиноятларингиз ҳам кечирилади”, деганини айтмоқда.
Айтишича, ҳозирча урушга кетишга рози бўлмаган маҳбуслар келгусида мажбурий тарзда жўнатилиши мумкинлиги ҳақида ҳам огоҳлантирилган.
“Бу ерда берилаётган овқатни ит ҳам емайди. Инсон қадри, ҳуқуқи ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Совуқда ишлаймиз, кийим берилмайди. Итдек ишлаб олаётган ойлигимиз совун ёки пайпоқ сотиб олишга ҳам етмайди”, - дейди маҳбус.
У суҳбат давомида ўзининг наркобарон экани, жиноий гуруҳни бошқарганини айтмоқда.
“Сурхондарёнинг Узун тумани қишлоқларидаги иккита жойга 3 килограммдан афғон героинини яширганман. У жойни фақат ўзим биламан ва Ўзбекистон қамоқхонасига экстрадиция қилинсам, очиқламоқчиман.
Қўл остимда тўрт киши бўлган, барча ишлар менинг топшириғим билан бажарилган. Уларнинг ҳам ҳар бирида яна ўнлаб одамлар бўлган. Улар керакли жойга, одамларга маҳсулотни менинг буйруғим билан етказиб берган. Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида, Афғонистонда шерикларим кўп эди. Улар ҳозир ҳам бу иш билан шуғулланаётганидан хабарим бор. Барчаси ҳақида айтиб бераман”, деди у.
Маҳбус Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари орқали ватанга қайтишни сўрамоқда. У қилган жиноятларини тан олиб, “қанча муддат бўлса-да Ўзбекистонда қамалишни, ўша ерда жазомни олишни истайман. Бу ерда мени эртами-кечми урушга жўнатиб юборишади”, деди.
Суҳбатдошимизнинг шахсий маълумотлари унинг хавфсизлиги важидан ошкор этилмади. Агар Ички ишлар вазирлиги ёки бошқа тегишли идоралар учун бу қизиқ бўлса, Kun.uz барча маълумотларни тақдим этишга тайёрлигини билдиради.
Мавзуга оид
16:11 / 27.11.2025
Ургутда наркосавдогар ҳамшира 10 йилга қамалди
11:03 / 20.11.2025
Тошкент шаҳрида наркосавдогарлар 19 килограмм гиёҳванд модда билан ушланди
18:22 / 10.11.2025
Франция собиқ президенти Саркози қамоқдан озод этилади
12:20 / 05.11.2025