Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Ўғлим уруш бизга ҳам келяптими, деб сўради» – полшаликлар Россия дронлари ҳужумидан кейин
The Wall Street Journal нашри Россия дронлари бостириб кириши ортидан Полшадан репортаж тайёрлади.
10 сентябрга ўтар кечаси Россиянинг 20 дан ортиқ учувчисиз қурилмалари Полша ҳудудига учиб кирганди. Уларнинг бир қисми уриб туширилган, дронларни тутиб олиш учун қирувчи самолётлар ҳавога кўтарилган. Полшанинг Украина билан чегарадош шарқий ҳудуди аҳолиси ўз келажагидан хавотирда, деб ёзади The Wall Street Journal. Нашр журналистлари суҳбатлашган аёллардан бири – Ала Весоловска. 10 сентябр куни эрталаб у нонушта тайёрламоқчи бўлганида, уйи устидан учиб ўтаётган дрон овозини эшитган. «Тўғридан тўғри бошим устидан, жуда пастлаб учди, жуда баланд овоз чиқарди», – дейди уйи Украина чегарасидан тахминан 30 километр масофада жойлашган Весоловска.
38 ёшли Катажина Жвигала болалари билан Вихалёв қишлоғидаги фермасида яшайди – Украина чегарасидан 40 дақиқалик йўл. Ўша куни болаларни мактабга йиғаётиб, гурсиллаган товушни эшитган. Кейинроқ бу учувчисиз учиш аппарати эканини билган. «Ўғлим уруш бизга ҳам ўтяптими, деб сўради», – дейди Катажина. Аёл уни тинчлантиришга уринади, лекин ўзи ҳам шунга ўхшаш нарсалар ҳақида ўйлаган.
The Wall Street Journal нашри Россия дронлари бостириб киришини Полша учун Украинадаги урушни идрок этишда «янги боб» деб атади. Нашрнинг таъкидлашича, Полша аллақачон «Россиянинг қўпорувчилик операциялари нишони» бўлган, бу операциялар мақсади Варшаванинг Киевни қўллаб-қувватлашини заифлаштириш ҳисобланади. Аммо дронлар бостириб кириши тўғридан тўғри ҳарбий тўқнашувни яқинлаштиради, дейилади материалда.
13 сентябр, шанба куни Полша қирувчи самолётлари Россия дронлари ҳужуми хавфи туфайли яна ҳавога кўтарилди. Мамлакат қуролли кучлари қўмондонлиги бу ҳаракатлар профилактик характерга эгалигини маълум қилди. Бундан ташқари, Полша шарқидаги Люблин шаҳри аэропорти парвозлар учун ёпилди. Мамлакат шарқидаги Кшивовежба қишлоғида яшовчи эр-хотин Эдита ва Томаш Вечерек телефонларига авиация ишлаётгани ва дронлар ҳужуми хавфи ҳақида огоҳлантириш келганида қаҳва ичиб ўтиришганди. Журналистлар билан суҳбатда улар Полша расмийларидан ҳафсаласи пир бўлганини айтишди, чунки улар ҳали ҳам фуқароларга бундай вазиятда қандай ҳаракат қилиш кераклигини тушунтиришмаган. Эдитанинг фикрича, ҳукумат дронлар ҳужуми пайтида аҳолига нима қилиш кераклиги тушунтириладиган машғулотлар ўтказиши керак. Унинг сўзларига кўра, 12 ёшли қизи энди уйнинг иккинчи қаватидаги хонасида ухлашдан бош тортмоқда – қишлоқдаги таниш оила уйининг томига дрон парчалари тушган.
Мамлакат шарқида яшовчилар расмий изоҳ кутишда давом этмоқда. Уларнинг уйлари устидаги осмонда нима содир бўлди ва энди нимани кутиш керак, деган савол туғилмоқда. WSJ таъкидлаганидек, маҳаллий аҳолининг ўзи 10 сентябр воқеалари хронологиясини тузишга ҳаракат қилмоқда ва шундай савол қўймоқда: қирувчи самолётлар ҳавога кўтарилиши фойдадан кўра зарарли бўлмадими?
Урушнинг дастлабки ойлари ва йилларида Украинадан миллионлаб қочқинларни қабул қилган Полшада Россия дронлари бостириб кириши жамиятни иккига бўлиб юборди, дейилади материалда. Баъзилар учун содир бўлган воқеа украинлар билан янада кўпроқ бирдамликка сабаб бўлса, бошқалар учун Киев Полшани можарога тортишга уринаётгани ҳақидаги сигналдир. Баъзилар русларнинг дронлар гўёки Украина томонидан Полшанинг Россия билан можаросини кучайтириш мақсадида учирилгани ёки шу томонга буриб юборилгани ҳақидаги нарративини такрорламоқда.
«Дезинформация ҳам худди шундай ҳақиқий таҳдиддир. Мен бу ерда НАТО қўшинларини кўришни истардим. Биз Украина билан чегарадан атиги 12 километр масофада жойлашганмиз, шунинг учун буларнинг барчаси бўлиши мумкин бўлган нарса», – деди Вирики-Воля қишлоғи раҳбари Бернард Блашчук, у ерда қулаган дрон парчалари уйлардан бирига зарар етказган.
Мавзуга оид
20:04
Киевга Зеленский билан учрашувга борган россиялик тадбиркор Роман Абрамович бўлиб чиқди
10:25
Зеленскийнинг мактуби: дипломатик қадамми ёки стратегик зарбами?
15:21 / 07.06.2026
Украина армияси Қримга олиб борувчи трассани ўлим йўлига айлантирди
10:05 / 07.06.2026