Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Путин мигрантлар учун патент тизимини ўзгартириш ҳақида ўйлаб кўришни таклиф қилди
Ташаббускорлар патентни ишлаш учун рухсатнома билан алмаштиришни таклиф қилмоқда, уни олишда меҳнат мигрантлари суратга тушиши ва бармоқ изларини топшириши керак бўлади.
Фото: РИА Новости
Россия президенти Владимир Путин мигрантлар учун патент тизимини бекор қилиш ҳақида ўйлаш мумкин деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда парламент фракциялари раҳбарлари билан учрашувда сўз борди, дея хабар берди ТАСС.
«Мигрантлар учун патент тизимини бекор қилиш ҳақида ўйлаб кўриш керак. У кенг қўлланилади. Ҳеч нарсани истисно қилмайман. Ҳамкасбларингиз билан биргаликда бу масала ҳақида ўйлаб кўринглар», деди Путин «Справедливая Россия — За правду» партияси раиси Сергей Мироновнинг шу ҳақдаги таклифига.
Россия раҳбари, шунингдек, миграция соҳаси россияликлар учун сезгир эканлигини айтди.
«Ҳокимият на федерал даражада, на маҳаллий даражада ўзини муаммо йўқдек тутмаслиги керак. Бу муаммолар бор, уларни ҳал қилиш керак, лекин уларни [мигрантларни] доимий назоратда тутмасангиз, [бу муаммоларни] ҳал қилиб бўлмайди», деди у.
Патент тизимини бекор қилиш зарурлиги ҳақида «Справедливая Россия - За правду» партияси етакчиси Сергей Миронов бир неча йилдан бери гапирмоқда. 2023 йилда у патентни ишлаш учун рухсатнома билан алмаштиришни таклиф қилди, уни олишда меҳнат мигрантлари суратга тушиши ва бармоқ изларини топшириши керак бўлади.
Аввалроқ, Миронов Давлат Думасида сўзлаган нутқида бу мавзуни яна кўтарди.
«Мана бизга қардош Беларус, у ерда ҳеч қандай патент йўқ. Иш берувчи беларуслар етишмаётганини, меҳнат ресурсларини жалб қилиш зарурлигини исботлаши шарт. Кейин улар ҳеч қандай оиласиз, ҳеч қандай ижтимоий юксиз келади. Ишлаб, пулини олиб, қайтиб кетади. Биз ҳам шундай қилишимиз керак», деди Миронов.
Меҳнат патенти визасиз мамлакатлардан келган мигрантларга Россияда ишлаш учун зарур (Евросиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари фуқаролари бундан мустасно). Бу ҳужжат фақат унда кўрсатилган муайян ҳудуд ва фаолият соҳасида амал қилади. Ҳозир патент нархи ҳудудга қараб фарқ қилади. 2025 йилда Москвада ишлашни истаган меҳнат мигрантлари учун бу ойлик 8,9 минг рублни ташкил этди. Санкт-Петербургда - 6 минг рубл.
2025 йил январ-май ойларида меҳнат мигрантларига патент сотишдан Россия бюджетига ўтказилган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи миқдори 63 млрд рублни (804,5 млн доллар) ташкил этди.
Мавзуга оид
19:09 / 05.12.2025
Москва мэри мигрантлардан норози бўлганларга қўлга супурги олишни маслаҳат берди
20:56 / 04.12.2025
Жанубий Корея ноқонуний мигрантларнинг ихтиёрий равишда чиқиб кетиши учун 90 кунлик дастур эълон қилди
18:37 / 01.12.2025
Россияда 1 декабрдан чегарани кесиб ўтган хорижликлардан биометрия йиғиш бошланди
10:27 / 29.11.2025