Жаҳон | 13:56 / 19.09.2025
3174
2 дақиқада ўқилади

Германияда «Яҳудийларга кириш тақиқланган» ёзуви бўйича иш очилди

Шлезвиг-Голштейн еридаги дўконда «Яҳудийларга кириш тақиқланган» деган ёзув пайдо бўлди. Прокуратура жиноий иш очди. Дўкон эгаси Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатларидан ғазабланганини билдирди.

Фото: AP

Германиянинг Шлезвиг-Голштейн федерал ери Фленсбург шаҳридаги буюмлар дўконидан бирига кираверишда қуйидаги эълон илиб қўйилди: "Яҳудийларга кириш тақиқланган! Шахсий ҳеч нарса йўқ. Антисемитизм йўқ. Шунчаки, менга ёқмайсизлар". NDR медиакомпаниясининг 18 сентябр, пайшанба куни хабар беришича, дўкон эгасига нисбатан нафрат уйғотганлик гумони бўйича тергов бошланган. «Ушбу сўзлар жамоат тартибини бузиши ва Германияда яшовчи яҳудийларга нисбатан нафрат уйғотишга ҳисса қўшиши мумкин деган асосли шубҳа бор», — деб ёзади ОАВ шаҳар прокуратурасидан иқтибос келтирган ҳолда.

Маълумотларга кўра, 17 сентябр куни маҳаллий полицияга бир нечта шикоятлар келиб тушган. Даъвогарлар орасида Шлезвиг-Голштейндаги яҳудийлар ҳаёти бўйича вакил Герхард Улрич ҳам бор. Кейинроқ бу эълон далилий ашё сифатида олинди, тергов давом этмоқда.

Кейинроқ дўкон эгаси ўз ҳаракатини Ғазо секторидаги воқеалардан норозилиги билан изоҳлади. У жаримага тортилиши ёки беш йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Айни пайтда, Фленсбургдаги Фаластин жамоаси «антисемитистик плакат пайдо бўлишидан ҳайратда қолганини» айтди. Улар «антисемитизмнинг жамиятда ўрни йўқлигини» ва жамиятнинг Ғазо секторидаги ҳаракатларга норозилиги яҳудийларга қарши қаратилмаганини таъкидлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид