Жаҳон | 08:54 / 20.09.2025
2248
2 дақиқада ўқилади

Германия маълумотлар ўғирланиши оқибатида 289 млрд евро зарар кўрди

Bitkom рақамли ассоциацияси томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, Германия компанияларининг 87 фоизи сўнгги 12 ой ичида маълумотлар ва компютерлар ўғирланиши, саноат жосуслиги ва диверсияларни бошдан кечирган.

Фото: Sirinarth Mekvorawuth/Zoonar/picture alliance

Маълумотларни ўғирлаш, саноат жосуслиги ва диверсиялар Германия иқтисодиётига сўнгги 12 ой ичида 289,2 миллиард евро зарар етказди. Берлинда Bitkom рақамли ассоциацияси томонидан тақдим этилган иқтисодий хавфсизлик бўйича ҳисоботга кўра, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 8 фоизга юқори. Ҳисоботга кўра, кибержиноятларнинг энг кенг тарқалган манбалари Россия ва Хитой ҳисобланади.

Тадқиқотни тайёрлашда Bitkom, ўз маълумотларига кўра, турли соҳалардаги мингдан ортиқ компанияларни ўрганган. Компанияларнинг 87 фоизи маълумотлар ва компютер ўғирланиши, рақамли ёки аналог саноат жосуслиги ёки диверсияларни бошдан кечирганини маълум қилди. Таққослаш учун, ўтган йили худди шундай сўровда қатнашган респондентларнинг 81 фоизи бундай маълумотларни тақдим этган.

Ҳисоботга кўра, суриштирувлар Россия ва Хитойдан жиноятчилар иштирок этиши мумкинлигини кўрсатган воқеалар сони ўтган йил давомида ҳам ошган. Мисол учун, сўровда қатнашган компанияларнинг 46 фоизи сўнгги 12 ой ичида камида бир марта Россиядан киберҳужумга учраганини билдирди. Ўтган йили компанияларнинг 39 фоизи бу ҳақда хабар берган. Бу йил компанияларнинг 46 фоизи Хитой билан боғлиқ жосуслик уриниши ҳақида ҳам хабар берди, бу ўтган йили 45 фоиз эди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид