Жаҳон | 21:23 / 21.09.2025
3944
2 дақиқада ўқилади

Трамп Россия билан муносабатлар кескинлашган тақдирда Полша ва Болтиқбўйини ҳимоя қилишга ваъда берди

Аввалроқ у Россия Полша чегараларига «яқинлашмаслиги» кераклигини таъкидлаган эди.

Фото: AP

АҚШ президенти Доналд Трамп Россия билан муносабатлар кескинлашган тақдирда Полша ва Болтиқбўйи мамлакатларига ёрдам кўрсатишини маълум қилди.

Журналистлар унга шу ҳақда савол берганида, Оқ уй раҳбари ижобий жавоб қайтарди.

Аввалроқ у Россия дронларининг Полша осмонига кириши тасодиф бўлиши мумкинлигини тахмин қилган, аммо кейинроқ қатъийроқ позицияни эгаллаб, Россия Полша чегараларига «яқинлашмаслиги» кераклигини таъкидлади.

Ҳодиса 10 сентябрга ўтар кечаси содир бўлди: Полша Россияга тегишли деб ҳисоблаган 20 га яқин дрон ҳаво ҳудудини бузганини қайд этди. Москва бу айбловларни рад этиб, зарбалар Украина ғарбидаги нишонларга берилганини ва қўлланилган дронлар Полша ҳудудига етиб бориш учун етарли масофага эга эмаслигини айтди. Полша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский бу хато эмаслигини таъкидлади.

Кейинроқ Полша ҳарбийлари янги қоидабузарликлар ҳақида хабар берди: 19 сентябр куни Россиянинг иккита қирувчи самолёти паст баландликда Болтиқ денгизидаги Petrobaltic нефт-газ платформаси атрофидаги қўриқлаш зонасини кесиб ўтди. Россия дронлари ва самолётларининг учиб ўтиши бўйича Руминия ва Эстониядан ҳам шунга ўхшаш шикоятлар янгради, бироқ Москва барча айбловларни рад этди.

Америка президенти АҚШ томонидан қўллаб-қувватлаш нималардан иборат бўлишига аниқлик киритмаган. Унинг қўшимча қилишича, АҚШ Россиянинг МиГ-31 қирувчи самолётларининг Эстония ҳаво ҳудудига бостириб кириши билан боғлиқ ҳодисани салбий баҳоламоқда.

Эстония 19 сентябр куни ҳаво ҳудудини бузганликда Россияни айблади. Эстония расмийларига кўра, Россиянинг учта МиГ-31 самолёти мамлакат ҳаво ҳудудида 12 дақиқа давомида ноқонуний равишда бўлган. Россия Мудофаа вазирлиги МиГ-31 Эстония чегараларини бузмаганини маълум қилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид