Жаҳон | 21:44 / 23.09.2025
60153
2 дақиқада ўқилади

13 ёшли афғон бола самолёт шассисига яшириниб Деҳлига учиб борди

У мўъжиза туфайли тирик қолгани таъкидланмоқда. Тахминан 10 км баландликдаги парвоз кислороднинг паст даражаси туфайли тезда ҳушдан кетиш ва ўлимга, ўта совуқ туфайли музлаб қолишга олиб келади.

Фото: Сунъий интеллект томонидан яратилган сурат

13 ёшли афғон бола KAM Air авиакомпанияси самолёти шассисига яшириниб, Кобулдан Деҳлига учиб борди, деб хабар берди The Independent.

Қайд қилинишича, Афғонистон шимолидаги Қундуз шаҳрида яшовчи бола самолёт Индира Ганди номидаги Деҳли халқаро аэропортига икки соатлик парвоздан сўнг қўнганидан кейин топилган.

Расмийларга кўра, ўсмир Кобул аэропортининг чекланган ҳудудига кириб, KAM Air самолёти шассисининг орқа бўлинмасига яширинишга муваффақ бўлган. Қўнишдан сўнг, авиакомпания ходимлари уни самолёт ёнида пайқаб қолган ва аэропорт хавфсизлик хизматига хабар берган.

Дастлабки суриштирув давомида бола самолёт ичига қизиқиш туфайли, хавф-хатарни англамаган ҳолда кирганини айтган. Ўсмир Деҳлидан бошқа самолётда Афғонистонга қайтарилган.

Самолёт шассиси бўшлиғида омон қолиш ҳолатлари жуда кам учрайди: чиптасиз йўловчиларнинг аксарияти гипоксия, гипотермия ёки шасси механизмларидан олинган жароҳатлар туфайли ҳалок бўлади.

Авиация эксперти Мохан Ранганатҳан сўзларига кўра, ўсмир «эҳтимол, зич ёпиқ жойга кириб олган, у герметизация қилинган ва унда йўловчилар салонидаги ҳароратга яқин ҳарорат сақланган бўлиши мумкин».

Ранганатҳан бундай шароитларсиз тахминан 10 км баландликда омон қолиш мумкин эмаслигини тушунтирди.

Бундай баландликда кислороднинг паст даражаси тезда ҳушдан кетиш ва ўлимга, -40°C дан -60°C гача бўлган ҳарорат бир дақиқадан камроқ вақт ичида совуқ қотишга, кейин эса гипотермияга олиб келади.

1947 йилдан 2020 йилгача бўлган даврда АҚШ Федерал фуқаро авиацияси бошқармаси томонидан кўриб чиқилган самолёт шассисидаги 128 та чиптасиз саёҳат ҳолатларининг 75 фоиздан ортиғи оғир шароит туфайли ўлим билан якунланган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид