Жаҳон | 22:37 / 23.09.2025
4969
2 дақиқада ўқилади

БМТ қароргоҳи яқинида мобил алоқани узиб қўйишга қодир «электрон қурилмалар тармоғи» топилди

Текширув давомида 100 минг сим-карта ва 300 сим-сервер аниқланган. Бундай жосуслик тармоғи ёрдамида 30 миллионгача аноним матнли хабарни юбориш мумкинлиги таъкидланмоқда.

Фото: U.S. Secret Service

АҚШ махфий хизмати Ню-Йорк атрофида турли ҳужумларни уюштириш, жумладан, мобил алоқани узиш учун ишлатилиши мумкин бўлган «электрон қурилмалар тармоғини» аниқлади ва йўқ қилди.

Текширув давомида 100 минг сим-карта ва 300 сим-сервер аниқланган. Америкалик амалдорлардан бири The New York Times билан суҳбатда бундай тармоқ ёрдамида 30 миллионгача аноним матнли хабарни юбориш мумкинлигини айтди, бу «мисли кўрилмаган миқёсдир».

Махфий хизмат текширувига кўра, топилган серверлар ва сим-карталар аноним таҳдидлар ва «кенг кўламли телекоммуникация таҳдидларини» юбориш, шу жумладан уяли алоқа минораларини ўчириш, шунингдек, алоқани блокировка қилиш ва эҳтимолий жиноий ташкилотлар ўртасида аноним шифрланган алоқани таъминлаш учун ишлатилган бўлиши мумкин.

Серверлар 23-29 сентябр кунлари Ню-Йоркда, БМТ Бош Ассамблеяси ўтказиладиган жойдан тахминан 55 километр узоқликда жойлашган. Унда дунёнинг ўнлаб етакчилари, жумладан, АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам иштирок этди.

«Вақт, жойлашув ва ушбу қурилмалар туфайли Ню-Йорк телекоммуникация тармоқларида жиддий носозликлар юзага келиши мумкинлигини ҳисобга олиб, агентлик зудлик билан тармоқни ўчириш чораларини кўрди», дейилади Махфий хизмат баёнотида.

The New York Times билан суҳбатлашган экспертларнинг таъкидлашича, топилган ускуналарнинг кўлами жосуслик операциясининг бир қисми бўлиши мумкинлигини тахмин қилишга имкон беради. Баъзи сим-карталар бўйича маълумотларнинг дастлабки таҳлили номаълум хорижий давлат, шунингдек, махфий хизматга аллақачон маълум бўлган жиноятчилар билан алоқаларни кўрсатди, улар орасида картел аъзолари ҳам бор.

«Биз гумонланувчилар ва уларнинг ниятини, жумладан, жаҳон етакчиларининг Ню-Йоркка расмий ташрифи чоғида БМТ Бош ассамблеяси фаолиятига таъсир кўрсатиш ва ҳукумат ҳамда фавқулодда хизматлар алоқаларини тўсиб қўйиш режалари бор-йўқлигини аниқлаш бўйича ишларни давом эттирамиз», деди Махфий хизматнинг Ню-Йоркдаги бўлими вакили.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид