Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хитойнинг доллардан воз кечиши тезлашди. Қандай қилиб?
Расмий Пекин юанни «вояга етган» деб ҳисоблашни бошлади, деб ёзади The Economist. Бу бир қатор омиллар билан характерланади. Хусусан, Хитой савдосининг 30 фоизи, трансчегаравий тушумларнинг 50 фоизи юанда амалга оширила бошланган. Шунингдек, рақамли юан, QR код орқали тўловлар ва SWIFT’га ўхшаш CIPS орқали доллар тизимидан фойдаланмасдан туриб ҳам транзакцияларни амалга ошириш имконияти яратилган.
Фото: Mariaelena Caputi
Доналд Трампнинг радикал савдо сиёсати, бюджет танқислиги ва АҚШ Марказий банки – Федерал резерв мустақиллигига таҳдид солинаётгани фонида доллар жиддий заифлашиши мумкин. Жорий йил бошидан бери АҚШ валютаси ўз савдо вазнини 7 фоизга камайтирди, бу 1973 йилдан бери қайд этилган энг ёмон кўрсаткич.
The Economist’нинг ёзишича, Хитой раҳбарияти юқоридаги ҳолатдан катта имконият сифатида фoйдаланмоқчи. Юан Трампнинг қайта президентликка келганидан кейин ўзининг энг юқори даражасига етган. Ташқи инвесторларда ҳам Хитой валютасига нисбатан қизиқиш ошиб боряпти. Кўплаб ҳукуматлар долларга алтернатив излашни бошлашган.
Хитойнинг юанни халқаро миқёсда оммалаштириш истаги ҳам янгилик эмас. Мамлакат бунга илк бор 2009 йилда уриниб кўрган ва капитал назоратларини қисман юмшатганди. Аммо 2015 йилдаги фонд бозори инқирози ва валюта қадрсизланишидан сўнг, пул оқими мамлакатдан чиқиб кетди. Шундан сўнг қатъий капитал назорати жорий қилинди ва юаннинг ўсиши тўхтатилди. Бу сафар расмий Пекин эришилган ютуқ мустаҳкам бўлиши ва капитал оқимлари устидан қатъий назорат сақланишини таъминламоқчи.
Хитой етакчилари халқаро миқёсда тан олинган юан мамлакатдаги экспортчиларни доллар қийматининг тебранишларидан ҳимоя қилади, деб ҳисоблашади. Бундан ташқари, бу АҚШ молиявий санкцияларининг таъсирини камайтириши ҳам мумкин. Баъзи расмийлар хорижий компаниялар ва инвесторлар давлатнинг қатъий назоратини эътиборсиз қолдиришига ҳамда буни устунлик деб ҳам кўришига умид қиляпти. Сўнгги йилларда Хитой жуда муваффақиятли ишларни амалга оширди. Юаннинг халқаро ҳисоб-китоблардаги улуши ошди, доллар тизимига альтернатив молиявий инфратузилма яратилди.
Хитой нималарга эришди?
Ҳар қандай мезон бўйича олинса ҳам, юан ҳали кучли «обрў»га эга эмас. Хитойнинг дунё иқтисодиётидаги улуши қарийб 20 фоиини ташкил этса-да, юаннинг халқаро тўловлардаги улуши атиги 4 фоиз. Долларда бу кўрсаткич 50 фоиз. Марказий банклар захираларида юан фақат 2 фоизни улушга эга. Доллар эса 58 фоиз. Бундай катта тафовутнинг асосий сабаби – Хитойдаги пул оқими устидан сақланаётган қатъий назорат. Кўплаб иқтисодчилар ҳозирги ҳолатда юанни халқаро валютага айлантириш деярли имконсиз, деб ҳисоблашади.
Қайд этиш лозимки, АҚШ дунёдаги энг катта иқтисодиётга айлангандан кейин ҳам долларнинг устунлигини таъминлаш учун ўнлаб йиллар ҳаракат қилган. Шу жиҳатдан қаралса, Хитой жуда тез ривожланяпти. Юаннинг халқаро тўловлардаги улуши 2022 йилдан бери икки баравар ошди. Бу асосан ички сиёсатдаги ўзгаришлар туфайли юз берди. Хитой ўзининг товар ва хизматлар савдосида юандан кўпроқ фойдаланишни бошлади — ҳозирда бу кўрсаткич 30 фоиздан ошган (2019 йилда 14 фоиз эди). Пекин барча трансчегаравий тушумларининг (молиявий оқимлар ҳам киради) 50 фоизидан кўпроғини юан орқали амалга оширади — бу кўрсаткич 2010 йилда атиги 1 фоиз бўлган.

Пекиндаги Trivium China консалтинг фирмаси эксперти Динни МсМаҳонга кўра, сиёсатчилар юаннинг ички ва ташқи бозорларда барқарор айланишини хоҳлашади. Бу эса хориждаги юан савдосини кучайтиради ва чет элликларнинг валютага кириш қулайлигини яхшилаши керак. Май ойида мамлакат регулятори йирик банкларга савдони осонлаштириш учун ажратилган кредитларнинг камида 40 фоизи юанда бўлиши кераклиги бўйича топшириқ беради.
Айланмани ошириш учун Хитой расмийлари савдо шерикларини юанни тўлов воситаси сифатида қабул қилишга ундамоқчи. Уларга юан мажбуриятларини (қарз, облигация ва ҳ. к.) таклиф қилиш бу борада асосий воситага айланган. ФЗТ тадқиқотчилари томонидан май ойида эълон қилинган ҳисоботга кўра, Россияга санкциялар қўйилганидан сўнг, Хитой банклари хорижга янги кредитларини деярли тўлиқ доллардан юанга ўтказган (илгари бу кўрсаткич фақат 15 фоиз бўлган). Натижада юандаги кредитлари уч баравар ошган.

CIPS ва рақамли юан
Хитой ўз молиявий инфратузилмасини ҳам мустаҳкамлашни бошлаган. Эндиликда Пекин бошқа давлатлар билан доллар тизимидан фойдаланмасдан туриб ҳам транзакцияларни амалга ошира олади. Бунга рақамли юан, QR код орқали тўловлар (Осиёда оммалашган) ва энг муҳими – SWIFT тизимига ўхшаш CIPS ёрдам беради. Atlantic Council таҳлилчиси Жош Липскийга кўра, Хитой банклари SWIFT’дан мустақил ишлай олгани учун юан орқали халқаро тўловлар статистикада камроқ кўрсатилаётган бўлиши мумкин.
CIPS’га бутун дунё бўйлаб 1700 дан ортиқ банк аъзо бўлган — бу Украина урушидан олдинги даврга нисбатан учдан бир қисмга кўп. Биргина 2024 йилда транзакциялар ҳажми 43 фоизга ўсиб, 175 триллион юанга (24 трлн доллар) етган. Шунингдек, 33 та бозорда юандаги тўловларининг ҳисоб-китобини амалга оширувчи клиринг банклар иш бошлаган. Хусусан, бу рўйхатга жорий йилда Туркия ва Маврикий ҳам қўшилди. Июн ойида Хитой БАА билан Шимолий Африка ва Яқин Шарқдаги CIPS тармоғини кенгайтириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйди.
Ўтган йилда Хитойнинг бошқа марказий банклар билан бирга ишлаб чиққан mBridge рақамли валюта тармоғида миллиардлаб доллар транзакция амалга оширилган. АҚШ расмийси бу ҳажм иқтисодий нуқтайи назардан кичик бўлса-да, геосиёсий таъсир жиҳатдан аҳамиятли эканини тан олган. Августда Шинжондаги компания хорижий акциядорларига mBridge орқали тўлов қилган.
Мавжуд вазиятдан фойдаланган ҳолда Хитой ўз молиявий бозорини чет элликлар учун кенгайтиришга ҳаракат қиляпти. Бу йил хорижий инвесторларга очилган молиявий шартномалар сони икки баравар ошди. Маҳаллий инвесторлар учун хорижга сармоя киритиш квоталари ҳам кенгайди. Долларга ишонч пасайиши ва қулай макроиқтисодий муҳит Хитойнинг ҳаракатларини қўллаб-қувватлаяпти. Фонд бозори ўсмаяпти, бу эса чет элликларга юандаги активларини ушлаб туриш учун молиявий рағбат беради. Фоиз ставкалари пасайиб, дефляция бошлангани сабабли оффшор юан бозорида қарз олиш нархи 2 фоиздан пастга тушди — бу 2013 йилдан бери энг паст даража.
Йил якунига қадар «дим сум» деб номланувчи юан облигациялари рекорд миқдорда чиқарилиши кутиляпти. Июл ойида Венгрия 5 миллиард юанлик “панда облигациялар” чиқарди — бу суверен эмитентлар орасида энг катта кўрсаткич. 8 сентябрда Financial Times Россия энергетика компаниялари юанли облигациялар чиқаришга рухсат олганини хабар қилди. Кения Хитойга бўлган доллар қарзларини юанга алмаштирмоқчи. Бразилия янги эмиссияни кўриб чиқяпти, Покистон расмийлари сармоя жалб қилиш учун Пекинга ташриф буюришди.
Шов-шувларга қарамай, расмий Пекин узоқ муддатли стратегияга амал қиляпти. Июн ойида Хитой Марказий банки раҳбари Пан Гонгшен глобал молиявий тизим «кўп қутбли» бўлаётганини таъкидлаб ўтди ва келажакда доллар бошқа валюталар, хусусан юан билан рақобатга дуч келишини айтди.
Мавзуга оид
20:08 / 22.11.2025
Кейинги 3 йилда доллар курси қандай бўлади? S&P прогнози
11:45 / 20.11.2025
Деярли барча банкларда доллар курси 12 минг сўмдан пастга тушди
13:30 / 18.11.2025
Плаза келишуви: АҚШ нега долларни “синдирган” эди?
21:08 / 07.11.2025