Жаҳон | 19:01 / 24.09.2025
6583
6 дақиқада ўқилади

«Жуда яхши учрашув» – Трамп араб ва мусулмон етакчилари билан Ғазо масаласини муҳокама қилди

АҚШ президенти Доналд Трамп «муаммони ҳал қила оладиган» араб ва мусулмон давлатлари раҳбарлари билан Ғазодаги урушни тугатишга қаратилган учрашув ўтказди. Ёпиқ эшиклар ортида ўтган муҳокамалар натижаси ҳақида маълумот берилмади, аммо Трамп уни «муваффақиятли», Эрдўған эса «самарали ва ижобий» деб атади.

Фото: WAM.News

23 сентябрь куни Нью-Йоркда АҚШ президенти Доналд Трамп араб ва мусулмон давлатлари етакчилари билан Ғазо масаласи бўйича учрашув ўтказди. БМТ Бош Ассамблеяси доирасида ёпиқ эшиклар ортида ўтган йиғилиш ҳақида қўшимча тафсилотлар берилмади. Учрашувда Туркия, Қатар, Саудия Арабистони, Индонезия, Покистон, Миср, Бирлашган Араб Амирликлари ва Иордания вакиллари ҳам қатнашди. Трамп бу гуруҳни «муаммони ҳал қила оладиган» деб атади.

Трампнинг ўзи учрашувни «жуда муваффақиятли» деб баҳолади, лекин тафсилотларни айтмади. У олдинроқ Ғазо масаласи бўйича минтақа етакчилари билан «жуда муҳим» кўп томонлама учрашув ўтказишини, «Ғазо масаласи эса олдинга силжишини айтганди.

«Биз Ғазо ҳақида гаплашамиз. Бирор нарса қилишимиз мумкинлигини кўрамиз. Биз бунга барҳам беришни хоҳлаймиз. Биз ўз гаровдагиларимизни ёки уларнинг гаровдагиларини қайтаришни хоҳлаймиз» деганди Трамп Макрон билан учрашувда.

Фото: Anadolu

«Биз Ғазо юзасидан жуда яхши учрашув ўтказдик,» деди Трамп тадбирни тарк этар экан журналистларга. «Бу барча йирик ўйинчилар билан жуда муваффақиятли учрашув бўлди, фақат Исроилдан ташқари. Аммо бу кейинги навбатда, ва менимча, биз Ғазо бўйича қандайдир ечим топишимиз мумкин. Жуда яхши учрашув бўлди, буюк етакчилар билан», дея қўшимча қилди у.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған эса Ғазо масаласи бўйича бўлиб ўтган учрашув «жуда самарали ва ижобий» ўтганини айтиб, ўзининг мамнуниятини билдирди.

Фото: Anadolu

«Биз ҳозиргина жуда-жуда самарали ва ижобий учрашувни якунладик. Мен мамнунман – натижаси хайрли бўлсин», дея Эрдўғаннинг сўзларини келтирмоқда Anadolu нашри. Шунингдек, Эрдўған тез орада қўшма декларация эълон қилинишини айтди.

«Якуний декларация тез орада эълон қилинади, эҳтимол. Трамп ва Тамим (Қатар амири шайх Тамим Ол Соний)нинг баёнотлари билан бугунги учрашувнинг натижаси ойдинлашади», дея қўшимча қилди у.

Тафсилотсиз учрашув «тафсилотлари»

Axios нашрига кўра, Трамп урушни тугатиш режаси сифатида араб ва мусулмон мамлакатларини Исроил қўшинларини Ғазодан олиб чиқишга шароит яратиш учун тинчликпарвар кучлар юборишга ва қайта қуриш дастурларига молиявий ҳисса қўшишга кўндирмоқчи бўлган.

БААнинг WАМ ахборот агентлиги хабар беришича, учрашувда урушни тугатиш ва доимий сулҳга эришиш асосий мавзу бўлган, гаровдагиларни озод қилиш ва оғирлашаётган гуманитар инқирозни ҳал қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинган.

Учрашув бошида Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний Трампга мурожаат қилиб: «Биз сизга ва сизнинг раҳбарлигингизга ишонамиз. Бу урушни тугатиб, Ғазо халқига ёрдам беришингиз учун…» деди. У Ғазодаги вазиятни «жуда оғир» деб таърифлади.

Шайх Тамим Исроил ўтган ҳафта Ғазодаги Ҳамас раҳбарлари билан АҚШ воситачилигидаги сулҳ таклифини муҳокама қилаётган пайтда Доҳага ҳужум қилганини эслатиб, вазиятнинг долзарблигини таъкидлади. Унга кўра, Исроилнинг асл мақсади «Ғазони вайрон қилиш, уй-жой, тирикчилик, таълим ва тиббий хизматни имконсиз ҳолга келтириш ва инсоний ҳаётнинг пойдеворини йўқ қилиш»дир.

Al-Jazeera'нинг ёзишича, ушбу саммит глобал норозилик фонида ўтди. Икки йиллик урушда камида 65 минг киши ҳалок бўлган ва кўплаб давлатлар Фаластин давлатини тан олмоқда. АҚШ эса, одатда Исроилни қурол ва дипломатик ҳимоя билан таъминлаб келувчи давлат сифатида, Исроил туфайли тобора кўпроқ қораланмоқда.

Трамп, шунга қарамай саммитдаги олдинги БМТ Бош ассамблеясидаги нутқида Франция, Британия, Канада, Австралия, Португалия ва бошқалар томонидан Фаластиннинг тан олинишини «Ҳамасга мукофот» деб атади ва бу «можарони давом эттиришга ундайди» деди. У урушни «дарҳол» тугатишга чақирди, бироқ Ғазодаги ҳуманитар фалокат, Исроилнинг геноцидини тилга олмади.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш эса якшанба куни икки давлат ечими бўйича йиғилишда Фаластин давлатини тан олиш ҳаракатларини «мукофот эмас, ҳуқуқ» сифатида таърифлади.

Фото:QudsNews

Al-Jazeera дипломатик муҳаррири Жеймс Бейзнинг таъкидлашича, БМТдаги дипломатлар орасида «Оқ уйда Трамп баъзан фақат бир томонлама маълумот олаётгандек» деган кайфият бор. «Исроилнинг БМТ Хавфсизлик Кенгашида битта қўллаб-қувватловчиси, битта молиявий таъминотчиси ва қурол етказиб берувчиси бор. Бу – АҚШ. Шундай экан, вазиятни ўзгартира оладиган ягона одам ҳам бу – Доналд Трамп,» деди у.

Исроил режага жалб қилинмаган, аммо Бош вазир Бенямин Нетаняхуга тафсилотлар етказилган. Лойиҳада келгусида Фаластин маъмуриятининг ролини кучайтириш кўзда тутилмоқда, бироқ Исроил буни қабул қилмаслигини аввал ҳам билдирган.

Исроил, бундан ташқари айни вақтда ҳам Ғазо шаҳрини тинимсиз бомбардимон қилиб, ҳар куни ўнлаб фаластинликларни ўлдирмоқда ва ўн минглаб одамларни ўз уйларини ташлаб чиқишга мажбур қилмоқда.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид