Ўзбекистон | 01:00 / 24.09.2025
9639
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ва Доналд Трамп стратегик шерикликнинг устувор йўналишларини муҳокама қилди

БМТ бош қароргоҳида кечган учрашувда Ўзбекистон президенти америкалик ҳамкасбини ички ва ташқи сиёсатдаги муваффақиятлари билан табриклаб, халқаро тинчлик йўлидаги ҳаракатларини эътироф этди. Трамп эса Ўзбекистон етакчисининг иқтисодий ислоҳотларини қўллаб-қувватлади. Шавкат Мирзиёев Доналд Трампни яна бир бор Ўзбекистонга таклиф қилди.

23 сентябр куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Америка Қўшма Штатлари президенти Доналд Трампнинг музокаралари бўлиб ўтди. Учрашув БМТ бош қароргоҳида, ташкилот Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессияси доирасида бўлиб ўтди.

Етакчилар Ўзбекистон–АҚШ стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари ва устувор йўналишларини батафсил муҳокама қилди.

Минтақавий ва глобал аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди. Жорий йил 5 сентябр куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқот якунида эришилган келишувларнинг амалга оширилиши кўриб чиқилди.

Суҳбат аввалида Шавкат Мирзиёев Доналд Трампни ички ва ташқи сиёсатни амалга оширишдаги юксак муваффақиятлари билан самимий табриклади. Унинг халқаро ва минтақавий миқёсдаги ўткир можароларни тинч йўл билан ҳал этиш борасидаги шахсий ҳиссаси ва саъй-ҳаракатлари алоҳида қайд этилди.

Ўз навбатида, АҚШ етакчиси Янги Ўзбекистонда иқтисодиётни модернизация қилиш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва халқаро нуфузни юксалтиришга қаратилган ортга қайтмас ислоҳотларни яна бир бор қўллаб-қувватлади.

Турли даражалардаги сиёсий мулоқот ва алмашинувлар жадал ривожланиб бораётгани, ишбилармонлик алоқалари фаоллашгани катта мамнуният билан қайд этилди.

АҚШ президенти куни кеча Ўзбекистон етакчисининг АҚШнинг 50 дан ортиқ йирик компания ва банклари раҳбарлари билан ўтказган учрашув ва музокараларининг самарали натижаларини юксак баҳолади.

Фуқаро авиацияси, тоғ-кон саноати, муҳим минераллар, молия, инновациялар, кимё, энергетика ва бошқа устувор йўналишларда шартномалар ва истиқболли лойиҳалар портфели шакллантирилди.

Ушбу лойиҳа ва келишувлар икки мамлакатда ўн минглаб янги иш ўринларини яратиши таъкидланди.

Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев Доналд Трампни ўзи учун қулай муддатда Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф этди.

Учрашув очиқ, конструктив ва дўстона руҳда ўтди.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид