Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп Исроил томонидан Ғарбий соҳилнинг аннексия қилинишига йўл қўймасликка ваъда берди
Оқ уй раҳбари бу ҳақда Саудия Арабистони, БАА, Қатар, Миср, Иордания, шунингдек, Туркия раҳбари билан бўлган учрашувда маълум қилгани таъкидланмоқда.
АҚШ президенти Доналд Трамп 23 сентябр куни БМТ Бош ассамблеяси майдонида араб етакчилари билан учрашувда Исроил томонидан Ўрдун дарёсининг Ғарбий соҳилини тўлиқ аннексия қилинишига йўл қўймасликка ваъда берди. Бу ҳақда Politico манбаларга таяниб ёзди. Уларнинг сўзларига кўра, Америка президенти «бу масала бўйича қатъий позицияга эга».
Politico нашрининг икки манбасига кўра, Доналд Трамп ва унинг жамоаси Ғазо секторидаги урушни тўхтатиш режасини тақдим этган. Юқоридаги ҳужжатда анклавни бошқаришнинг эҳтимолий тузилмаси ва урушдан кейинги хавфсизлик масалалари тилга олинган. Шу билан бирга, ҳозирча Исроил ва Фаластиннинг ҲАМАС ташкилоти ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилмаган.
Нашрнинг яна икки суҳбатдоши маълум қилишича, араб етакчилари АҚШ президентини Исроилнинг Ғарбий Соҳил ҳудудига ҳар қандай бостириб кириши Исроил ва араб дунёси давлатлари ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш бўйича бир қатор шартномалар - «Иброҳим келишуви»нинг барбод бўлишига олиб келишига ишонтирмоқчи бўлган. Ушбу келишув Доналд Трампнинг биринчи президентлик даврида тузилган эди.
23 сентябр куни Ню-Йоркда бўлиб ўтган учрашувда Саудия Арабистони, БАА, Қатар, Миср, Иордания, шунингдек, Туркия раҳбари иштирок этди. Расмийлар йиғилиш якунларига деярли изоҳ бермади. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған музокараларни самарали деб атади, бироқ тафсилотларни келтирмади.
Исроилнинг баъзи ўта ўнг вазирлари Фаластиннинг бир қанча давлатлари томонидан тан олинишига жавобан Ўрдун дарёсининг Ғарбий соҳилини аннексия қилишга чақирди. Аввалроқ, бу масала Исроил ҳукумати томонидан ҳам муҳокама қилинган эди.