Жаҳон | 15:34 / 24.09.2025
1218
3 дақиқада ўқилади

ЕИ шарқий чегарада «дронлар девори» яратишни муҳокама қилмоқда

Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен 1 октябр куни Копенҳагенда бўлиб ўтадиган ЕИ етакчиларининг норасмий учрашувида «дронлар девори»ни молиялаштириш вариантларини таклиф қилиши кутилмоқда.

Фото: picture-alliance/blickwinkel/McPHOTO/C. Ohde

Европа Иттифоқининг еттита давлати – Эстония, Латвия, Литва, Финландия, Полша, Руминия ва Болгария 26 сентябр куни Европа комиссияси (ЕК) ва Украина билан «дронлар девори» яратиш таклифини муҳокама қилиш учун онлайн учрашув ўтказади, деди Еврокомиссия вакили Томас Рене 22 сентябр, душанба куни. "Руминия ва Полшада ҳужумлар ва бостириб киришлар аллақачон содир бўлган", деди Рене.

Урсула фон дер Ляйен ўтган ҳафта Европа парламентига йиллик мурожаатини эълон қилиб, Европа Иттифоқи «Украина зукколигидан жанг майдонида ва қўшма саноатлаштиришда устунликка эришиш» мақсадида фойдаланиш учун Украина билан 6 миллиард евро маблағ орқали қўллаб-қувватланган «дронлар иттифоқи»ни яратишини айтди. Европа Иттифоқи «Болтиқбўйидаги дўстларимизнинг чақириғига қулоқ тутиши» ва ўзининг шарқий чегараларини мустаҳкамлаши керак, деди фон дер Ляйен.

Янги маслаҳатлашувлар 19 сентябрда учта рус ҳарбий самолёти Эстония ҳаво ҳудудини 12 дақиқа давомида бузиб, Италиянинг F-35 қирувчилари томонидан тутиб олинган мисли кўрилмаган ҳодисадан кейин кескинлик кучайган пайтга тўғри келди. Шу ой бошида Полша расмийлари Россиянинг учувчисиз учоқлари уларнинг чегараларини бузгани ҳақида хабар берган эди.

Томас Рененинг сўзларига кўра, аъзо давлатлар «жараённи назорат қилишда» қолмоқда. «Биз уларнинг манфаатлари нима эканлигини, уларга қандай ёрдам беришимиз мумкинлигини, имкониятлари ва эҳтиёжлари нимада эканлигини кўрамиз. Ушбу муҳокамалар асосида биз ушбу аъзо давлатлар ва Украина билан биргаликда кейинги қадамларни белгилаймиз», деди Еврокомиссия вакили. Урсула фон дер Ляйен 1 октябр куни Копенҳагенда бўлиб ўтадиган ЕИ етакчиларининг норасмий учрашувида «дронлар девори»ни молиялаштириш имкониятларини таклиф қилиши кутилмоқда.

Литва аввалроқ Еврокомиссия Таллин ва Вилнюснинг 12 миллион евролик лойиҳани молиялаштириш бўйича қўшма аризасини шу йил ёзида рад этганини билдирган эди. Бироқ, Россиянинг сўнгги ҳаракатлари Болтиқбўйи давлатлари ташаббусининг долзарблигини таъкидлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид