Осиёнинг энг йирик шўр сув ҳавзаси – Урмия кўли деярли бутунлай қуриб қолди. ХХ асрнинг 80 йилларида кўлнинг узунлиги 140 километр, кенглиги эса 55 километрни ташкил этган бўлса, айни пайтга келиб ундан қуриб қолган туб ва кам сонли кўлмакларгина қолган. Бунга қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун ҳаддан ташқари кўп сув сарфи, узоқ давом этган қурғоқчилик ҳамда юқори ҳарорат туфайли сувнинг тез буғланиши кабилар сабаб бўлган.

Эроннинг шимоли-ғарбида жойлашган, 4000 йилдан ортиқ тарихга эга бўлган Осиёнинг энг йирик шўр сув ҳавзаси – Урмия кўли деярли бутунлай қуриб қолди, дея хабар берди Bild.

1980 йилларда кўлнинг узунлиги 140 километр, кенглиги эса 55 километрни ташкил этган бўлса, 2025 йилнинг ёзига келиб ундан фақат қуриб қолган туб ва кам сонли кўлмакларгина қолган. Буни сунъий йўлдошдан олинган расмлар ҳам тасдиқлайди.

Фото: NASA

Экологлар ва Эроннинг мухолифат оммавий ахборот воситалари Урмия кўлининг йўқ бўлиб кетганини катта фалокат дея баҳолашяпти. Iran News Update маълумотларига кўра, мамлакатда миллиондан ошиқ ноқонуний қудуқлар бор, бу эса йиллар давомида ерости сувларининг камайиб боришига таъсир кўрсатган.

Ҳолатни ёмонлаштираётган яна бир омил қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ. Эронда сув ресурсларининг 88 фоизини ушбу тармоқ истеъмол қилади, аммо ялпи ички маҳсулотнинг атиги 10 фоизини беради. Натижада ҳар йили табиий манбалардан 43 миллион куб метр сув ортиқча сарфланяпти.

Вазиятнинг критик нуқтага етганини мамлакат президенти Маъсуд Пизишкиён ҳам тан олди. У июл ойидаги чиқишларидан бирида «Теҳронда ҳақиқатан ҳам сув қолмади», дея таъкидлаб ўтганди. Пизишкиённинг сўзларига кўра, ҳукумат пойтахтни кўчириш имкониятини ҳам кўриб чиқяпти. Айни пайтда Теҳронда 15 миллиондан ортиқ одам яшайди.

Урмия кўлининг қуриши юз минглаб одамларнинг ҳаётига салбий таъсир кўрсатган: тузли чанг бўронлари кўпайиши тупроқни ифлослантиряпти ва қишлоқ хўжалиги билан шуғулланишни деярли имконсиз ҳолатга келтириб қўйган.