Жаҳон | 14:20 / 25.09.2025
2216
2 дақиқада ўқилади

Дума армияга чақирув йил давомида амалга оширилишини қўллаб-қувватлади

Қонун лойиҳасида Россия армиясига чақирув йил давомида амалга оширилиши, фақат куз ва баҳорда навбатчилик пунктларига жўнатиш кўзда тутилган.

Фото: ИЗВЕСТИЯ/Александр Полегенько

Россия Давлат думаси 1 январдан 31 декабрга қадар календар йили давомида муддатли ҳарбий хизматга чақирувни назарда тутувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Бу ҳақда 24 сентябр, чоршанба куни парламент қуйи палатаси сайтида маълум қилинди.

Қонун лойиҳаси аввалроқ Россия ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланган эди. Ташаббус чақирилувчиларни армия сафига жўнатиш билан боғлиқ барча тадбирлар ҳозиргидек фақат баҳор ва кузги чақирув даврида эмас, балки йил давомида ўтказилишини таклиф қилади. Қонун қабул қилингандан кейин тиббий кўрикдан ўтиш, профессионал психологик кўрикдан ўтказиш, чақирув ҳайъати йиғилишлари исталган вақтда белгиланиши мумкин, фақат муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарларни хизматга юбориш белгиланган баҳор ва кузги чақирув кунларида амалга оширилади.

Қонун лойиҳасининг тушунтириш хатида мазкур тизим «чақирув пунктлари ўртасида иш юкини тенг тақсимлаши» ҳамда «фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга чақириш сифатини ошириши» таъкидланган. Давлат думаси Мудофаа қўмитаси раиси Андрей Картаполовнинг тушунтиришича, қонун йил давомида одамлар чақирув қоғозларини олишда давом этишини ҳам англатади.

Чақирув варақасини олмаган, аммо муддатли ҳарбий хизматга чақирилиши лозим бўлган шахслар икки ҳафта муддатда ҳарбий хизматга чақирув бўлимига шахсан келиши шарт. Қонун барча овозлардан ўтиб, имзолангандан сўнг 2026 йил 1 январдан кучга кириши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид