Ўзбекистон | 22:30 / 26.09.2025
5094
4 дақиқада ўқилади

Жиззахда иккита АЭС ва Тошкент вилоятида оммавий заҳарланиш билан боғлиқ вазият – маҳаллий дайжест

Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Шавкат Мирзиёевнинг БМТ минбаридаги нутқи лингвистик таҳлил қилинди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқига лингвистик таҳлил ўтказилди.

Энг кўп учрайдиган сўз бирикмаси — «Марказий Осиё» (6 марта). Шундан кейин «доимий ривожланиш» (4 марта) тилга олинган.

Таҳлил натижаларига кўра, нутқда минтақавий ҳамкорлик ва барқарор ривожланиш масалалари билан бирга, инсон капитали учун муҳим йўналишлар — хотин-қизлар роли, соғлиқни сақлаш ва сув ресурсларига алоҳида урғу берилди.

Жиззахда ҳам кичик, ҳам катта АЭС қуриладиган бўлди

Жиззах вилоятида Россия томонидан ҳам кам қувватли, ҳам анъанавий катта қувватли атом электр станциялари қурилади. Бу – Ўзбекистонни икки хил станция лойиҳасини битта мажмуада ўзаро боғлаган дунёдаги биринчи давлатга айлантиради.

Москвада ўтаётган Жаҳон атом ҳафталиги доирасида бу борада иккита битим имзоланди.

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев сўзларига кўра, катта станция ҳар бири 1000 MW қувватга эга иккита реактор, кичик станция эса ҳар бири 55 MW қувватга эга иккита реактордан иборат бўлади. Шу тариқа, интеграциялашган АЭС мажмуасининг умумий қуввати 2,1 GW бўлиши кўзда тутилган.

Тошкент вилояти боғчаларида болалар оммавий заҳарланди

Оққўрғон, Пискент, Бўка ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги давлат боғчаларида юзлаб болалар заҳарланди. Расмийлар бу борада аниқ маълумотни бермаётган вақтда манбалар заҳарланганлар мингдан ошганини айтмоқда. Шифохоналарга сиғмаган болалар қўшни туманларга йўналтириляпти.

Kun.uz мухбири Пискент ва Оққўрғон туманларида бўлиб тафсилотларни ўрганишга уринди. Аксарият оналар фарзандида иситма, ич кетиши, қайт қилиш ҳолатлари кузатилганини, бу боғчадан келгач юз берганини айтди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг маълум қилишича, ҳозир боғчаларнинг ошхоналари кўздан кечирилиб, болалар суткалик истеъмол қилган таомлардан олинган намуналар лабораторияларда текширилмоқда.

Самарқандда биринчи ерости чиқинди сақлаш мажмуаси ташкил этилди

Республикада илк бор Самарқанд шаҳри Қорасув массиви Обод маскан маҳалласида 2 та ярим ерости чиқинди сақловчи махсус қутилар мажмуаси ишга туширилди.

Мазкур ерости чиқинди сақлаш мажмуаси 2 метр чуқурликда жойлашган бўлиб, уларнинг ҳар бирига 2 тадан жами 4 та махсус контейнер ўрнатилган. Контейнерларнинг сиғими 3 метр куб, яъни 550 литрни ташкил этади. Натижада 1000-1500 нафар аҳолига хизмат қилади. Келгусида бу каби ерости мажмуасидан ҳудудда яна 5 та қуриш режалаштирилган.

Тошкент вилоятида балиқ овлаганлар табиатга 680 млн сўм зарар етказди

Бўка тумани ҳудудидаги рейд давомида фуқаролар А.У. ва Ш.У. томонидан Сирдарё дарёсининг Бўка тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмида тақиқланган ов қуроли — электр қармоқ ёрдамида 8 хилдаги жами 31 дона балиқ ноқонуний овлангани маълум бўлди.

Ўрганиш натижасида овланган балиқлардан 3 донаси Ўзбекистон Қизил Китобига мансуб Туркистон мўйловдори балиғи экани аниқланди. Ҳуқуқбузарлик оқибатида ҳайвонот дунёсига 679 миллион 400 минг сўм зарар етказилган.

Муаллиф:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид