Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Қатъий мақсадимиз - Ўзбекистон буюртмасини вақтида етказиб бериш” - Boeing президенти
Kun.uz билан гаплашган Boeing Global президентига кўра, Ўзбекистон билан фақат самолёт сотиш эмас, аэрокосмик саноатни ривожлантириш бўйича ҳам ҳамкорлик бор. Самолётларимиздан ғурурланамиз, давлатингиз аллақачон 6 тасини ишлатмоқда. Энди жами 28 та бўлади ва янги буюртмани тезроқ етказиб беришимиз керак, дейди Брендан Нелсон.
Мирзиёев АҚШда дунёга машҳур глобал компания Boeing президенти билан кўришаркан, бу галги мулоқот тарихий харидлардан кейин бўлди. Ўзбекистон бирданига 22 та самолётга буюртма берган, буни эса АҚШ президенти Трамп ҳам олқишлади. Boeing раҳбарига кўра, Ўзбекистон билан мулоқот фақат учоқлар савдосида эмас, аэрокосмик саноатда ҳам.
Сизни Ню Йоркда кўрганимдан хурсандман. Boeing’дек катта компаниянинг президентисиз, Мирзиёев билан кўришдингиз. Нималарни гаплашдингиз?
“АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги ажойиб муносабатлар. Келажак учун режалаштирилган бу ишлар ўзбек халқининг турмуш фаровонлигини юксалтиради. Шу билан бирга, бу, нафақат туризм, балки аэрокосмик соҳадир. Бу соҳа “Uzbekistan Airways”га ўзбекистонликларни, ишбилармонларни дунёга олиб чиқиш ва дунёни Ўзбекистонга олиб кириш имконини беради. Биз нафақат “Uzbekistan Airways” билан ишлаймиз, балки Ўзбекистонда аэрокосмик саноатни янада ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қиляпмиз.
Шунингдек, президентни янги халқаро аэропорт қуриш бўйича улкан ташаббуслари билан табриклайман. Бу, албатта, яқин келажакда Ўзбекистон учун ички йўловчилар сонини 25 миллионга етказиш мақсадига эришишга ёрдам беради. Президентнинг халқаро йўналишларни ривожлантиришга бўлган қатъияти эса сайёҳларга Ўзбекистонга ва Ўзбекистон орқали саёҳат қилиш имконини беради. Шу йилнинг 17 февралида имзоланган келишув натижасида Ўзбекистон ҳамкорликда ўзига ишонган мамлакат сифатида аэрокосмик соҳа ва ўз авиакомпаниясининг келажагига бўлган ишончни мустаҳкамлаяпти. Биз эса бу жараённинг муҳим бир қисмимиз”.
Компаниянгизнинг бозордаги ўрни мустаҳкам эканини биламиз. Яқин келажакдаги режалар қандай?
“Хўш, мақсадимиз – айтган барча ишларимизни бажаришни таъминлаш ва биз буни, албатта, қиламиз. Шундай экан, бизнинг қатъий мақсадимиз – энг хавфсиз ва юқори сифатли 787 самолётларини ўз вақтида етказиб беришдир.
Янги буюртма 14 та 787 самолётини етказиб бериш ва яна саккизтасини опция тарзда харид қилишни ўз ичига олади, жами 22 та самолёт. “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси аллақачон олтита 787 самолётидан ғурур билан ва жуда самарали фойдаланмоқда, шундай қилиб, авиапаркдаги бундай самолётлар сони 28 тага етади.
Биз самолётларимиз билан фахрланамиз. Ўзбекистон билан ҳамкорликдан, шунингдек, ҳозирда етакчи синфдаги авиакомпанияга айланиб
бораётган ва келажакда шундай бўлиши шубҳасиз бўлган тузилмани қўллаб-қувватлаймиз”.
Сўзи охирида Нелсон буюртмалар ўз вақтида етказилишини билдирди.