Ўзбекистон | 14:32 / 27.09.2025
2860
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги 4-сон болалар клиник шифохонаси капитал таъмирдан кейин ишга тушди

Тошкентдаги энг кўп талабга эга болалар шифохоналаридан бири — Шайхонтоҳур туманидаги 4-сон болалар клиник шифохонаси тўлиқ таъмирланиб, 26 сентябрдан беморларни қабул қилишни бошлади.

Шайхонтоҳур туманида жойлашган 4-сон болалар клиник шифохонаси тўлиқ капитал таъмирдан чиқарилди. 1970 йилдан буён фаолият юритиб келаётган муассасада 1975 йилда қурилган бўлиб, охирги йилларда шароит оғирлашган, бинодаги том, эшик-ромлар ҳамда муҳандислик коммуникациялари яроқсиз ҳолга келган эди.

2024 йилда шифохонани тубдан янгилаш учун давлат томонидан 22 миллиард сўм маблағ ажратилди. Қолаверса, 1,5 миллиард сўм янги жиҳозлар, 1 миллиард сўм эса тиббий ускуналар хариди учун йўналтирилди.

Бош шифокор Феруза Акилованинг маълум қилишича, таъмирлаш доирасида:

·        бинодаги барча хоналар замонавий талабларга мослаштирилди;

·        том ва ромлар тўлиқ алмаштирилди;

·        муҳандислик тармоқлари қайта қурилди;

·        шифохона атрофи асфальтланиб, кўкаламзорлаштирилди.

Муассаса 2025 йил 26 сентябрдан қайта фаолият юритишни бошлади. Ҳозирда шифохона тўлиқ тайёр ҳолатда бўлиб, бемор болаларни қабул қилишни бошлаган.

“Шифохона 140 ўринли бўлиб, бундан 40 ўрин кардио-ревмотологик касалларга мўлжалланган. Таъкидлаш керакки, шифохонадаги кардио-ревматология бўлими Тошкент шаҳрида ягона ҳисобланади. 30 ўринли неврология бўлими, 30 ўринли гўдак ёшидаги болалар учун пулмонология бўлими, 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаларга соматик касалликларни даволаш бўлими ва реанимация бўлимлари бор. Ҳар йили 7,5-8 минг нафаргача бемор болаларни даволаймиз.

Тиббий ускуналарнинг аксарияти Германиядан келтирилган. Умумий ҳисобда 87 хил тиббий жиҳозлар мавжуд”, дейди шифохона бош шифокори Феруза Акилова.

Шифохонада 24 нафар шифокорлар беморларга хизмат кўрсатади, уларнинг кўпчилигини олий тоифали мутахассислар, фан номзодлари ташкил этади.

Мавзуга оид