Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хитой рақамли юанни халқаро майдонга олиб чиқмоқда – бу орқали долларга қарамликни камайтирмоқчи
Шанхайда Хитойнинг рақамли юан бўйича халқаро маркази ишга туширилди. Хитой Марказий банки рақамли валютани чегара орти тўловлари ва блокчейн асосидаги молиявий инфратузилмаларда кенг қўллашни мақсад қилмоқда. Мутахассислар фикрича, бу ташаббус АҚШ долларига қарамликни камайтириш ва глобал молия тизимида янги саҳифа очишга қаратилган.
Фото: Simon Song
Хитой ўзининг рақамли юани (e-CNY)дан трансчегаравий тўловлар ва хорижий бозорларда фойдаланишни рағбатлантириш чораларини кучайтирмоқда. Бу АҚШ долларининг ҳукмронлик қилаётган глобал молиявий тизимини қайта шакллантириш йўлидаги уринишлар фонида, барқарор тангаларга (стейблкоин) бўлган жаҳон миқёсидаги қизиқиш кучаяётган бир пайтда таклиф этилаётган муқобил ечим сифатида кўрилмоқда.
Пайшанба куни Шанхайда Хитойнинг рақамли юан бўйича халқаро операциялар маркази очилди. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.
Хитой Халқ банки учта янги платформани тақдим этди, улар рақамли юаннинг халқаро миқёсда қўлланишини жадаллаштиришга қаратилган.
Уч платформанинг бири — марказий банк томонидан қўллаб-қувватланадиган рақамли валютадан халқаро операциялар самарадорлигини ошириш мақсадида фойдаланишни йўлга қўювчи трансчегаравий тўлов тизими.
Иккинчиси — блокчейн асосидаги хизмат платформаси бўлиб, унда занжир ичида тўловларни амалга ошириш, шунингдек, стандартлаштирилган кросс-занжир маълумот узатишни йўлга қўйиш имконияти мавжуд. Учинчи платформа эса мавжуд молиявий инфратузилмани блокчейнга олиб чиқиш учун тайёр рақамли актив хизматларини тақдим этади.
Хитой рақамли валюта жорий этган илк йирик иқтисодиёт бўлди. 2019 йилда айрим шаҳарларда синов тариқасида йўлга қўйилган рақамли юан асосан кундалик майда тўловларда — чакана савдо, давлат тўловлари, иш ҳақи ўтказмалари ва жамоат транспорти харажатларида ишлатилмоқда.
Бироқ АҚШ билан савдо ва технологиялар борасидаги кескинлик ортиб бораётган бир пайтда, Хитой хорижда юан ва рақамли юан қабул қилинишини жадаллаштиришга, Шанхайни глобал молия марказига айлантиришга ҳамда доллар марказлашган молиявий тизимига қарамликни камайтиришга интилмоқда.
Июл ойида АҚШ президенти Доналд Трамп тартибга солинган АҚШ банкларига АҚШ доллари билан таъминланган стейблкоин чиқаришга рухсат берувчи қонунни имзолади. Кузатувчиларга кўра, бу қарор доллар устунлигини рақамли молия соҳасида ҳам мустаҳкамлаши мумкин.
Пекин эса криптовалюталарга ва уларнинг хавфларига эҳтиёткорлик билан ёндашган бўлса-да, блокчейн технологиясини изчиллиги ва шаффофлиги учун қабул қилиб, уни e-CNY жорий этилишида қўллаяпти.
Хитой Халқ банки аллақачон Гонконг, Таиланд, БАА ва Саудия Арабистони марказий банклари билан рақамли валюталар бўйича трансчегаравий тўлов платформаси устида ҳамкорликни бошлаган.
Хитой Киберхавфсизлик бошқармаси 13 сентябрда эълон қилган баёнотида кўпроқ молиявий институтларни рақамли юандан халқаро тўловларда фойдаланиш имкониятларини ўрганишга чақирди.
“Шанхайда марказ очилиши нафақат трансчегаравий тўловларни енгиллаштиради, балки Шанхайнинг халқаро молиявий марказ сифатидаги асосий вазифаларига ҳамоҳангдир. Келгусида Хитой Халқ банки марказ фаолиятини изчил ривожлантириб, ташқи савдо, инвестиция ва молиялаштиришни қўллаб-қувватлашда мустаҳкам асос яратади”, - деди Лу Лей.
Аввалроқ Қозоғистон ўзининг миллий валютага боғланган илк стейблкоин лойиҳасини ишга туширгани маълум қилинганди.
Мавзуга оид
07:42 / 02.10.2025
Машинистнинг чорак аср оралиғида олинган сурати Хитой темирйўлларидаги ўзгаришни кўрсатди
22:45 / 29.09.2025
Хитойда дунёдаги энг баланд кўприк очилди
16:49 / 25.09.2025
Хитой интернетда салбий кайфият уйғотувчи контентларга қарши кураш бошлади
14:33 / 25.09.2025