Жаҳон | 20:52 / 30.09.2025
3975
2 дақиқада ўқилади

АҚШ юк автомобили хорижий ҳайдовчилари учун гувоҳнома бериш қоидаларини кучайтирди

Энди чет эллик ҳайдовчилар фақат иш визаси ва SAVE федерал тизими орқали мажбурий текширувдан ўтган тақдирдагина CDL гувоҳномасига даъво қилиши мумкин бўлади.

Фото: Getty images

АҚШ транспорт вазири Шон П. Даффи хорижликларнинг тижорат ҳайдовчилик гувоҳномасини (CDL) олишига чекловлар жорий этилишини эълон қилди.

Янги қоидалар дарҳол кучга кирди ва Федерал автомобил ташувчилари хавфсизлиги бошқармаси (FMCSA) текшируви давомида аниқланган бир қатор ҳалокатли «авариялар» ва «кенг кўламли қоидабузарликларга» жавоб бўлди.

Энди чет эллик ҳайдовчилар фақат иш визаси ва SAVE федерал тизими орқали мажбурий текширувдан ўтган тақдирдагина CDL гувоҳномасига даъво қилиши мумкин бўлади. Даффи сўзларига кўра, аввалги амалиёт катта ҳажмли юк машиналарининг ноқонуний мигрантлар қўлига тушиб қолишига олиб келган, бу эса миллионлаб йўл ҳаракати иштирокчиларига хавф туғдирган.

Энг катта қоидабузарликлар Калифорнияда аниқланган. Текширув шуни кўрсатдики, лицензияларнинг 25 фоиздан ортиғи ноқонуний равишда берилган, шу жумладан мамлакатда бўлиш ҳужжатлари муддати аллақачон ўтиб кетган ҳолатларда ҳам.

Калифорниядан ташқари, қоидабузарликлар Колорадо, Пенсилвания, Жанубий Дакота, Техас ва Вашингтонда аниқланган. Жорий йил январ ойидан буён хорижий CDL эгалари иштирокида камида бешта ҳалокат содир бўлди.

Чора-тадбирлар Доналд Трамп маъмуриятининг йўл ҳаракати хавфсизлигини кучайтиришга қаратилган сиёсатининг давоми бўлди. Жорий йил бошида президент инглиз тилини АҚШ расмий тили сифатида тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади, Транспорт вазирлиги эса тижорат юк машиналари ҳайдовчилари учун инглиз тилини билиш талабини кучайтирган эди.

Вазир сўзларига кўра, «Америка йўллари хавфсиз бўлиши керак, оғир машиналарни эса фақат малакали ва қонуний равишда мамлакатда бўлган ҳайдовчилар бошқариши мумкин».

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид