Спорт | 22:35 / 03.10.2025
9395
6 дақиқада ўқилади

Каннаваро ҳал бўлди: бу яхшими ёки ёмон?

Ўзбекистон миллий жамоасини Америка мундиалига Италия футболи афсонаси Фабио Каннаваро олиб борадиган бўлди. Ҳали расман эълон қилингани йўқ, лекин Фабрисио Романо айтдими, шунақа бўлади. Биз «Кападзе қолиши керак», деб кўп айтдик, лекин ЎФА барибир хорижлик мураббий олиб келди. Майли, бўлар иш бўлди, энди бу мураббий биз учун яхшими ёки ёмон деган саволга жавоб изласак.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Жаҳон чемпионатига жаҳон чемпиони билан

Аввало Фабио Каннаваро ким экани ҳақида икки оғиз. Чунки ҳозирги ёш авлод бу афсонавий футболчи ҳақида кўп эшитмаган бўлса керак. Ёшлар, тасаввур қилишингиз учун айтаман: ҳозир Европа футболида Каннаваро даражасидаги ҳимоячи йўқ ҳисоб. Балки ван Дейк, Диаш, Салибанинг энг яхши жиҳатларини қўшсангиз, шунақа ҳимоячи «пайдо бўлар». Каннаваро ўз даврининг тенгсиз ҳимоячиси эди.

Бўйи унчалик баланд бўлмаса-да, марказий ҳимояда чинакам қўпорувчи каби ҳаракатланар, жуда ақлли ҳимоячи эди. Фабио Италия миллий жамоасида Алессандро Неста билан бирга замонасининг энг зўр марказий ҳимоя жуфтликларидан бирини ташкил этганди. 2006 йилги жаҳон чемпионати финалида Фабио Марко Матерацци билан бирга жуфтлик ҳосил қилади.

Ўша вақтда Италия миллий жамоаси йигитлари ҳимояланишни санъат даражасига олиб чиқишганди. Ва мана шу ҳимоя эвазига жаҳон чемпиони бўлган Италиянинг лидери ва сардори Фабио Каннаваро эди. Охир-оқибат Фабио 2006 йил мундиалдаги супер ўйинлари эвазига «Олтин тўп»га муносиб кўрилади. Ундан кейин бирор ҳимоячи футболдаги асосий совринни ютгани йўқ.

Каннаваро футболчи сифатида аввало 2006 йилги жаҳон чемпионатини ютган. Унинг 1999 йил «Парма» билан УEФА кубогини ютгани мегаюлдузлик даврини бошлаб берганди. Ўша таркибдаги Буффон, Креспо, Верон, Тюрам каби йигитлар ҳам кейинчалик жаҳон даражасидаги юлдузларга айланишади. Каннаваро «Парма»дан «Интер»га, кейин «Ювентус»га, «Олтин тўп»ни ютганидан кейин эса «Реал» Мадридга ўтади.

Айтганча, «Парма» ва «Интер»да бизнинг қадрдонимиз Эктор Купер қўл остида ўйнайди. Хуллас, Фабионинг футболчилик фаолияти орзудагидек ўтган десак бўлади: сенсациячи клуб билан УEФА кубоги, жаҳон чемпионлиги ва «Реал»да ўйнаш.

Мураббийликда эса...

Бироқ Фабио мураббийлик фаолияти билан мақтана олмайди. Ҳозирча унинг ҳисобида «Гуанжоу» жамоаси билан ютилган Хитой чемпионлиги бор холос. У ўзини Европада ҳам синаб кўрди, лекин «Удинезе» ва «Динамо Загреб»да ишлари юришмади. Биласизми, бизни қувонтириши керак бўлган жиҳат ҳам мана шу аслида. Каннаваро ҳар қанча катта калибрли футболчи бўлмасин, мураббийликда ҳам қўлидан иш келишини футбол оммасига исботлашни истайди.

Ҳа, Фабио мураббий сифатида ғалабага чанқоқ, у ҳеч қачон жаҳон чемпионати каби жиддий мусобақада ишламаган. Ишонинг, футбол тарихидаги энг зўр ҳимоячилардан бўлган Каннаваро учун Ўзбекистон миллий жамоасини бошқариш мураббийлик фаолиятидаги ҳозирча энг жиддий иш. Биз бундан фақат хурсанд бўлишимиз керак.

Нималар ўзгаради?

Энди бизнинг ҳимоячиларда кимсан Каннавародан ўрганиш имкони бор. Фабио натижага эришиш учун ҳам ҳимоячиларимизни янги даражага олиб чиқишни истайди. Таркибда ҳам ўзгаришлар бўлса керак. Каннаваро катта эҳтимол чемпионатнинг қолган қисмини кузатиб, Кападзе эътибор қилмаган баъзи футболчиларни синаб кўриши мумкин. Айтганча, Темур Кападзе Каннаварога ёрдамчи бўлиб қолади дейишмоқда, бу эса таркиб асоси ўзгармайди дегани. Бироқ Каннаваро ўзига ёққан янги номларни чақириб кўрса керак.

Ғалати истеъфолар

Узоқ жимликдан кейин ниҳоят Темур Кападзе бош мураббийликдан кетиши маълум бўлди. Ҳали бу ҳақда эълон ҳам қилишмади. Шу ўринда Ўзбекистон миллий жамоасида ғалати истеъфолар юз беришини айтмасак бўлмайди. Осиё чемпионати ярим финалига олиб чиққан, тарихимиздаги энг ёрқин жамоани тузган Абрамов Эронга қарши саралашнинг биринчи ўйинида ютқазиши билан ишдан олинганди, Эктор Купер Фаластинга қарши кўп нарсани ҳал қилмайдиган, кейинчалик турли шубҳа-гумонларга сабаб бўлган ўйинда ютқазганидан кейин бўшатилганди, Кападзе эса Ўзбекистонни жаҳон чемпионатига олиб чиқиб кетмоқда. Чиндан ғалати истеъфолар, бунақаси «Челси»да ҳам бўлмайди.

Гапимиз бошида айтганимиздек, бўлар иш бўлди. Кападзега адолатсизлик қилинди, лекин энди олдинга қараш керак. Каннаваро футбол оламига мураббий сифатида ҳам зўр эканини исботлашни истамоқда. Буни Ўзбекистон билан уддалашига умид қиламиз. Футболимиз даражаси бунга бемалол имкон беради.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов

Мавзуга оид