Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жанубий Кореянинг «рақамли ҳукумати» маълумотлар марказидаги ёнғин туфайли инқирозга учради
Ёнғинда давлат хизматчиларининг электрон ҳужжатлари ва иш файллари сақланадиган омборхона зарар кўрди - 858 терабайт маълумот ўчиб кетди. Бундан ташқари, ушбу маълумотларнинг захира нусхалари мавжуд эмас, шунинг учун уларнинг катта қисми бутунлай йўқолган.
Деярли икки ҳафта олдин, 26 сентябр куни Жанубий Кореянинг Тэжон шаҳридаги Миллий ахборот ресурслари марказида - давлатнинг асосий маълумотлар марказида ёнғин содир бўлди. Оқибатда, Жанубий Кореядаги «Давлат хизматлари» муқобили ва идентификация карталаридан тортиб, давлат идораларининг веб-сайтлари ва электрон почталаригача бўлган кўплаб давлат рақамли хизматлари ишламай қолди. Meduza тафсилотларни келтирди.
Ёнғинда давлат хизматчиларининг электрон ҳужжатлари ва иш файллари сақланадиган омборхона зарар кўрди - 858 терабайт маълумот ўчиб кетди. Бундан ташқари, ушбу маълумотларнинг захира нусхалари мавжуд эмас, шунинг учун уларнинг катта қисми бутунлай йўқолган. Айрим нарсаларни локал нусхалар, электрон почта ва қоғоз архивлардан тиклаш мумкин.
Расмийларнинг тушунтиришича, маълумотлар базаси жуда катта ва паст унумдорликка эга бўлиб, уни қайта тиклаш техник жиҳатдан имконсиз эди. Улар тизимни бундай очиқ заифлик билан ишлатгани учун танқид қилинди.
Бир нечта идораларнинг иши фалаж бўлиб қолди - масалан, амалдорларни ёллаш, иш ҳақи, суғурта ва пенсия учун масъул бўлган давлат хизмати вазирлиги (Жанубий Корея аҳолисининг тахминан 2 фоизи).
Ёнғин сервер ускунасини таъминлаган литий-ионли батареянинг портлаши туфайли профилактика ишлари пайтида содир бўлган. Ёнғинни бир суткача ўчиришди. Бир киши жиддий жароҳат олган.
Жанубий Корея президенти Ли Чжэ Мён маълумотлар маркази ишига масъул бўлган амалдорларни танқид қилди.
«Бу ҳодисани башорат қилиш мумкин эди, аммо унинг олдини олиш учун ҳеч нарса қилинмади. Чоралар иш бермагани у ёқда турсин, шунчаки чоралар йўқ эди», деди у.
Ҳодиса сабабларининг асосий версияси - бепарволик. Полиция тўрт кишини ҳибсга олди. Жанубий Корея ҳукуматининг Рақамли инновациялар бошқармаси амалдорларидан бири 15-қаватдан сакраб, ўз жонига қасд қилди. Унинг исми ошкор этилмаган, бироқ у марказнинг тармоқ инфратузилмасини тиклаш ишларига бош-қош бўлгани маълум. Ички ишлар вазирлигининг таъкидлашича, ёнғин туфайли унга нисбатан полиция тергови ўтказилмаган.
Бу орада Жанубий Корея разведкасига бўйсунувчи Киберхавфсизлик миллий маркази тревога даражасини «диққат»дан «эҳтиёткорлик»га кўтарди. Бунга ёнғиндан кейинги тикланиш жараёнида ҳакерлар тизимнинг заифлигидан фойдаланиши мумкинлиги сабаб бўлган.
Ёнғин ҳакерлик можароси авжига чиққан пайтда содир бўлган. 24 сентябр куни Жанубий Корея парламентининг фан, технологиялар, ахборот, радиоэшиттириш ва коммуникациялар қўмитаси мамлакатнинг энг йирик компаниялари, биринчи навбатда, КТ телекоммуникация корпорациясидаги ҳакерлик ҳужумлари бўйича эшитувлар ўтказди. Ушбу тингловда Корея университети Хавфсизлик олий мактаби профессори Ким Син Чжу яқинда нафақат КТ ва бошқа хусусий компаниялар, балки баъзи давлат идоралари, жумладан, Ташқи ишлар вазирлиги ва контрразведка, шунингдек, давлат электрон ҳужжат айланиш тизими ҳам бузиб кирилганини айтди.
Шу билан бирга, Ким Син Чжу Phrack ҳакерлик нашридаги мақолага ишора қилди, унга кўра, ҳакерлик ҳужумлари ортида Kimsuky гуруҳи турибди. У Шимолий Корея учун ишлайди ва катта эҳтимол билан Хитой томонидан қўллаб-қувватланади.
Парламент эшитувидан сўнг, 26 сентябр куни Тэжон Миллий ахборот ресурслари маркази инспекцияси ўтказилиши маълум қилинди. Айнан у ерда Phrack маълумотларига кўра, Kimsuky томонидан бузиб кирилган давлат идоралари серверлари жойлашган. Инспекция 20:00 да бошланиши керак эди. Маълумотлар марказида батарея портлагани ва ёнғин чиққани ҳақида ўт ўчириш хизматига соат 20:20 да хабар келиб тушган. Ҳакерлар бузиб кирган серверлар ёнғинда нобуд бўлган.
Мавзуга оид
13:40 / 19.06.2026
Ўзбошимчалик билан сақланган солярка портлаган – Ёзёвондан репортаж
09:39 / 19.06.2026
AI инқилоби смартфонлар нархини янада ошириши мумкин
17:57 / 17.06.2026
Amazon Leo сунъий йўлдош интернети Ўзбекистонда ишга туширилади
10:25 / 17.06.2026