Жаҳон | 23:35 / 07.10.2025
10022
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг катта шаҳарларида метрога киришда смартфонларни текшириш бошланди

Россиянинг катта шаҳарлари метрополитенларида йўловчиларни кўздан кечиришда электрон қурилмаларнинг ишлашини мажбурий текшириш жорий этила бошланди. Таъкидланишича, бунда қурилмаларнинг ичи, контенти ҳозирча текширилмайди.

Фото: Коммерсантъ

Екатеринбург ва Санкт-Петербургда аллақачон кучга кирган янги қоидалар телефонлар, компютерлар ва бошқа техникаларнинг созлигини тасдиқлаш учун уларни ёқишни талаб қилади.

«Янгиликдан мақсад - терроризмга қарши ҳимояни кучайтириш, чунки қурилмалар портловчи қурилма сифатида ишлатилиши мумкин, корпусда эса портловчи ёки ташиш тақиқланган моддаларни олиб ўтиш мумкин», деб хабар берди Екатеринбург метрополитени матбуот хизмати. Таъкидланишича, бунда қурилмаларнинг ичи, контенти ҳозирча текширилмайди.

«НеМосква» нашрининг қайд этишича, ижтимоий тармоқларда Екатеринбург аҳолиси янги қоидалардан фаол шикоят қилмоқда. Фойдаланувчилар парадоксал ҳолатга ишора қилмоқда: агар телефон қуввати тугаган бўлса, одам нафақат метродан фойдалана олмайди, балки такси чақира олмайди ёки яқинларидан уни олиб кетишни сўрай олмайди. «Агар нотаниш одамнинг телефонидан қўнғироқ қилишни сўрасангиз, телефонни берганлик учун жиноий жавобгарликка тортилади. Ажойиб», деб изоҳ қолдирган фойдаланувчилардан бири.

Худди шундай чора-тадбирлар Петербург метросида август ойидаёқ жорий этилган эди. У ерда электрон қурилмалари бўлган йўловчилардан ҳам текшириш учун уларни ёқиш сўралмоқда. Шу билан бирга, Санкт-Петербург метросида маҳаллий қонунчиликка кўра, махсус рухсатномасиз қувватлантириш розеткаларидан фойдаланиш тақиқланган, бу эса ўчиб қолган гаджет эгалари учун қўшимча муаммо туғдирди.

Бошқа катта шаҳарлар метрополитенларида бундай текширувлар жорий этилиши ҳақида ҳозирча хабар берилмаган.

Янги қоидалар учун Транспорт вазирлигининг 2025 йил 4 февралдаги 34-сонли федерал буйруғи асос бўлди, унда техникани нафақат сканерлар ёрдамида, балки мажбурий ёқиш орқали ҳам текшириш белгиланган. Илгари бундай процедура мумкин эди, энди эса мажбурий бўлди. Россия аэропортларида Россия Ҳаво кодексига мувофиқ шунга ўхшаш нормалар узоқ вақтдан бери амал қилади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид