Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия думаси АҚШ билан плутоний утилизацияси бўйича келишувни бекор қилди
АҚШ ва Россия ўртасидаги 34 тонна қурол-яроғга тегишли плутонийни ҳар бир томон утилизация қилиши ҳақидаги келишув Москва томонидан бекор қилинди. Бу утилизация қилинмаган плутоний ядровий қурол яратиш учун қайта ишлатилиши мумкинлигини англатади.
Фото: Getty Images/AFP/M. Antonov
Россия Давлат думаси АҚШ билан плутонийни утилизация қилиш бўйича ҳукуматлараро келишувни, шунингдек, унинг протоколларини денонсация қилувчи қонун лойиҳасини маъқуллади. Бу ҳақда ташкилот сайтида 8 октябр, чоршанба куни маълум қилинди. «Қарор фақат Россия Федерацияси ва унинг фуқаролари манфаатларини кўзлаб қабул қилинмоқда. Биз анча олдин бекор қилиниши керак бўлган келишувни денонсация қиламиз», — деди Давлат думаси спикери Вячеслав Володин.
Ҳужжат имзоланганидан 11 йил ўтиб, 2011 йилда ратификация қилинган. Шартнома Америка ва Россия томонлари томонидан ҳарбий дастурлар учун ортиқча деб эълон қилинган 34 тонна қурол даражасидаги плутонийни тасарруф этишни назарда тутган. 2016 йилда Москва ва Вашингтон ўртасидаги «муносабатларнинг кескин ёмонлашуви» фонида Россия расмийлари келишувни бир томонлама тўхтатиб қўйган эди.
Денонсация тўғрисидаги қонун лойиҳаси 31 июл куни Давлат думасига киритилган. Ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябковнинг сўзларига кўра, Москванинг Вашингтон билан плутонийни йўқ қилиш бўйича келишуви бўйича мажбуриятларини сақлаб қолиши «ҳозирги шароитда номақбул». Расмий, шунингдек, Россия аввалроқ ушбу келишувни янгилаш, жумладан, Россияга нисбатан жорий этилган санкцияларни бекор қилиш ва «Россия Федерацияси томонидан уларнинг киритилиши натижасида етказилган зарар»ни қоплаш шартларини белгилаб қўйганини таъкидлади. Ҳеч бир шарт бажарилмади, деди Рябков.
Давлат думаси томонидан қабул қилинган қонун лойиҳасига тушунтириш хатида айтилишича, денонсация сабаблари, жумладан, «вазиятнинг тубдан ўзгариши», «АҚШ томонидан Россияга қарши санкциялар жорий этилгани», «НАТОнинг шарққа кенгайиши» ва Вашингтоннинг урушда Киевни қўллаб-қувватлаганидир. «Келишув предмети бўлган плутоний бўйича кейинги мажбуриятларни сақлаб қолиш номақбул», дейилади хатда. Шу сабабли, ҳали утилизация қилинмаган Россия плутонийи ядровий қурол яратиш учун қайта ишлатилиши мумкин, дея қайд этади мустақил матбуот.