Жаҳон | 11:51 / 10.10.2025
6109
2 дақиқада ўқилади

Украина дронлари Россия жанубидаги энг йирик газ заводига ҳужум қилди

Волгоград вилоятидаги ёнилғи-энергетика объектлари учувчисиз учоқлар ҳужумидан сўнг ёниб кетди, дея маълум қилди губернатор. ОАВ маълумотларига кўра, «Лукойл» ва «Транснефт» объектлари зарар кўрган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Украина учувчисиз учоқлари 9 октябр, чоршанбага ўтар кечаси Россиянинг Волгоград вилоятига йирик ҳужум уюштирди. Губернатор Андрей Бочаровнинг сўзларига кўра, Котовский туманидаги ёнилғи-энергетика объектларида уриб туширилган учувчисиз учоқлар қолдиқлари натижасида ёнғинлар содир бўлган. «Ўт ўчирувчилар тезда етиб келди ва ёнғинларни ўчирмоқда», — деб ёзди у Telegramʼда қайси корхоналар зарар кўрганига аниқлик киритмасдан.

Маҳаллий аҳоли Astra'га «Лукойл»га қарашли Коробковский газни қайта ишлаш заводида ёнғин чиққани ҳақида хабар берган. У Россиянинг Жанубий федерал округида табиий газни энг йирик қайта ишловчиси ҳисобланади.

NASA мониторинг маълумотлари ёнғинни тасдиқлайди. Сунъий йўлдошдан олинган суратлар, шунингдек, "Транснефть-Приволга" АЖ инфратузилмасига кирувчи "Ефимовка" нефт насос станцияси ёниб кетганини кўрсатади.

Россия Мудофаа вазирлиги бир кечада Украинанинг 19 та учувчисиз учоғи, улардан тўққизтаси Волгоград вилояти осмонида уриб туширилганини маълум қилди.

Август ойи бошидан бери Украина Қуролли кучлари Россиянинг энергетика инфратузилмаси объектлари — нефт ва газни қайта ишлаш заводлари, шунингдек, нефт насос станцияларига мунтазам равишда ҳужум қилмоқда. Сўнгги икки ой ичида Россиянинг ҳар учинчи нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум уюштирилди.

Сентябр ойида учувчисиз учоқлар зарбалари Новокуйбишевск нефтни қайта ишлаш заводи, "Газпром"нинг Астрахан газни қайта ишлаш заводи ва мамлакатдаги энг йирик корхоналардан бири бўлган ҳамда Москва вилоятини ёнилғи билан таъминловчи "Роснефт"нинг Рязан нефтни қайта ишлаш заводи ишини тўлиқ ёки қисман тўхтатиб қўйди. Октябр ойининг биринчи ҳафтасида яна бешта нефтни қайта ишлаш заводига зарба берилди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид