Жаҳон | 22:55 / 13.10.2025
10120
4 дақиқада ўқилади

Фото: Қарийб икки минг фаластинлик маҳбус озод қилинди

Сулҳ доирасида озод қилинган фаластинлик маҳбуслар Ғарбий соҳил ва Ғазода хурсандчилик кўз ёшлари билан кутиб олинмоқда. Исроил «оғир жиноятлар»да айбланган 250 киши, Ғазода ҳибсга олинган 1 700 нафар фаластинлик ва 22 нафар болаларни қўйиб юборганини маълум қилди. Озод қилинганлар орасида 154 маҳбус эса Мисрга депортация қилинган.

Фото: AFP

13 октябрь куни АҚШ воситачилигида тузилган сулҳ доирасида озод қилинган фаластинлик маҳбусларни қарши олиш учун Ғарбий соҳил ва Ғазода тўпланган одамларга тўлди. Улар автобусларга ёпирилиб, ўзининг қариндошларини кўз ёшлар билан кутиб олди.

Фото: Reuters

Reutersʼнинг ёзишича, келишувга кўра Исроил «оғир жиноятлар»да айбланган 250 нафар фаластинликни, уруш бошланганидан бери Ғазода ҳибсга олинган 1 700 нафар фаластинликни, 22 нафар вояга етмаганларни озод қилган. Бундан ташқари Ҳамас аскарларидан 360 кишининг жасади ҳам қайтариб берилган.

Фото: Reuters

Исроил ҳукумати 1 968 нафар фаластинлик маҳбусни озод этиш жараёни тўлиқ якунланганини билдирди. Исроил қамоқхона хизмати расмий баёнотда айтилишича, маҳбуслар Ғарбий соҳил, Шарқий Қуддус ва Ғазо секторига жўнатилган.

Фото: Reuters

Ғазо сектори жанубидаги Хон Юнус шаҳрида минглаб одамлар тўпланди, кимдир Фаластин байроғини ҳилпиратди, кимдир эса ўз яқинининг суратини кўтарди, деб ёзади нашр.

Озод этилган маҳбуслар автобусларда келди – айримлари ойнадан бош чиқариб, «ғалаба» ишорасини кўрсатишди.

Фото: AP Photo

Бундан аввалроқ, Ҳамаснинг қуролли қанотига мансуб қора ниқобли аскарлардан иборат гуруҳ касалхонага келган, у ерда озод этилган фаластинликларни кутиб олиш учун саҳна ва ўриндиқлар тайёрланганди.

Фото: AP Photo

Озод қилинганлар орасида Ҳамаснинг йирик қўмондонлари ёки бошқа фракцияларнинг таниқли етакчилари йўқ. Бу эса айрим маҳбуслар қариндошлари орасида «битим етарлича кенг эмас» деган норозиликни келтириб чиқарди.

154 маҳбус Мисрга депортация қилинди

Фаластин Маҳбуслари бўйича медиа идорасига таяниб, Al-Jazeera'нинг маълум қилишича, душанба куни озод этилган камида 154 нафар фаластинлик маҳбус Исроил томонидан сургун қилинади. Ҳамасга кўра, 154 нафар маҳбус Мисрга депортация қилинган.

Фото: AP Photo

Кузатувчиларнинг таъкидлашича, бундай мажбурий сургун озод этилганларнинг фуқаролик ҳуқуқларини бузади ва алмашув битимлари атрофидаги иккиюзламачиликни кўрсатади.

«Бу, шубҳасиз, ноқонуний», — деди Доха олий тадқиқотлар институти жамоат сиёсати бўйича доценти Тамер Қармут Al-Jazeera'га берган интервьюсида.

Фото: Reuters

«Бу ноқонуний, чунки улар Фаластин фуқаролари, бошқа фуқароликка эга эмас. Улар кичик қамоқхонадан чиқишяпти, аммо каттароқ қамоқхонага — ўз жамиятидан узоқ, бегона давлатларга жўнатилишяпти. У ерда улар катта чекловларга дуч келади. Бу инсонийликка зид», — деди у.

«Энди айрим оилалар ўз яқинларининг Фаластиндан сургун қилинишини кўради, лекин уларни учратишнинг имкони бўлмайди», — деди нашрнинг Ғарбий соҳилда ишлаётган мухбири Нида Иброҳим.

Фото: Reuters

Таҳлилчи Тамер Қармутга кўра, сургун уларнинг сиёсий келажагини тугатади.

«Улар борадиган мамлакатларда жуда қатъий чекловларга дуч келади, бу эса уларнинг ҳар қандай сиёсий ёки ижтимоий фаолиятини тўхтатади,» — деди у. Унинг фикрича, бу депортациялар аслида озод этилган маҳбусларни мажбуран кўчириш ва уларнинг оилаларига нисбатан жамоавий жазо ҳисобланади — оилалар энди сургундаги яқинларидан ажралади ёки агар Исроил рухсат этса, ўз юртини тарк этишга мажбур бўлади.

Фото: NYT

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид