Жаҳон | 17:40 / 13.10.2025
4869
3 дақиқада ўқилади

Россияда 770 мингга яқин хорижлик мамлакатдан чиқариб юборилиши кераклиги айтилди

Россия Федерал суд ижрочилари хизмати томонидан жорий йилнинг 8 ойи давомида миграция қонунчилигини бузган 35 мингга яқин хорижлик аллақачон мамлакатдан чиқариб юборилган.

Фото: Global Look Press

1 сентябр ҳолатига кўра, Россия ИИВ назорат остидаги шахслар реестрида 770 минг мигрант бор, уларнинг учдан бир қисми аёллар ва болалардир. Бу ҳақда Россия Давлат думаси қуйи палата раиси Вячеслав Володин маълум қилди.

«Энди уларга нисбатан янги миграция режими – мамлакатдан чиқариб юбориш режими амал қилади», деди Володин.

Унинг қўшимча қилишича, Россия Федерал суд ижрочилари хизмати томонидан жорий йилнинг 8 ойи давомида миграция қонунчилигини бузган 35 мингга яқин хорижлик мамлакатдан чиқариб юборилган.

Володин 10 сентябр куни назорат остидаги шахслар реестрига киритилган чет эл фуқароларининг Россияда бўлиш муддати тугаганини эслатди.

Россияда 2025 йил 5 февралдан бошлаб миграция қоидаларини бузган хорижликларни махсус реестрга киритиш бошланди. Володиннинг аниқлик киритишича, рўйхатга фуқаролик ёки миграция мақомини расмийлаштириш учун зарур ҳужжатларни тақдим этмаган, яшаш жойи бўйича рўйхатга олинмаган, ҳар йили тиббий кўрикдан ўтиш, дактилоскопия ёки фотосуратга олиш каби мажбурий тартиб-қоидаларнинг белгиланган муддатларини ўтказиб юборганлар киради. Шунингдек, реестрга патент, ишлаш учун рухсатнома ёки меҳнат шартномаси муддати ўтган мигрантлар ҳам киритилади.

Киритилган режим назоратни кучайтириш ва бир қатор ҳуқуқларни чеклашни назарда тутади. Ушбу рўйхатга тушган одамлар ҳайдовчилик гувоҳномасини ололмайди, транспорт воситасини бошқара олмайди, кўчмас мулк ёки автомобил сотиб ололмайди ва сотолмайди, никоҳ туза олмайди, банкда ҳисоб рақами очолмайди ва ўз маблағларини тасарруф эта олмайди.

«Россияда бўлиш мақомини қонунийлаштирмаганларнинг барчаси режалаштирилган кетиш санаси, жойи ва йўналишини маълум қилиб, мамлакатимизни тарк этиши шарт. Акс ҳолда, мигрант жарима билан мажбурий чиқариб юборилиши мумкин. Шундан сўнг камида 5 йил давомида унинг Россияга кириши тақиқланади», деб тушунтирди Володин.

Унинг қайд этишича, яратилган тизим миграция соҳасида тартиб ўрнатиш ва чет эл фуқаролари томонидан қонунларга риоя этилишини таъминлашга қаратилган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид