Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп Ғазо секторида келишувнинг иккинчи босқичи бошланганини эълон қилди
Иккинчи босқич гаровга олинган ва ҳалок бўлган исроилликларнинг жасадларини топширишни назарда тутади.
Фото: Reuters
АҚШ президенти Доналд Трамп ҲАМАС гаровга олинганларнинг барчасини Исроилга қайтарганини тасдиқлади ва Ғазо секторида ҳалок бўлган гаровга олинганларнинг жасадларини топширишни назарда тутувчи тинчлик ўрнатишнинг иккинчи босқичи бошланганини эълон қилди. Бу ҳақда у Truth Social ижтимоий тармоғида ёзди.
«Барча 20 нафар гаровга олинганлар қайтиб келди ва ўзини яхши ҳис қилмоқда. Оғир юк олиб ташланди, лекин иш ҳали тугамади. Ҳалок бўлганларнинг жасади қайтарилмади, гарчи бу ваъда қилинган бўлса ҳам. Иккинчи босқич ҳозироқ бошланади!!!», деди Трамп.
8 октябр куни Трамп Исроил ва ҲАМАС Мисрдаги музокаралар натижасида ўзи таклиф қилган тинчлик режасининг биринчи босқичига рози бўлганини эълон қилди. Икки кундан кейин ўт очишни тўхтатиш режими кучга кирди. Исроил Ғазо буфер зонасига қўшинларини олиб чиқди, фаластинликлар эса уйларига қайта бошлади.
АҚШ, Миср ва Туркия етакчилари, шунингдек, Қатар амири 13 октябр куни Шарм аш-Шайхда Исроил ва ҲАМАС ўртасида воситачи сифатида Ғазодаги урушни тўхтатиш тўғрисидаги битимни имзолади. Декларация матнида етакчилар «бўлажак низоларни куч ишлатиш ёки узоқ давом этадиган можаро йўли билан эмас, балки дипломатик алоқалар ва музокаралар йўли билан ҳал қилиш» мажбуриятини олди.
Шу куни ҲАМАС асирликда қолган 20 нафар исроилликнинг барчасини Исроилга топширди. Исроил эса 1968 нафар фаластинлик маҳбусни озод қилди. The Times of Israel хабарига кўра, ҲАМАС Исроилга фақат ҳалок бўлган 4 нафар гаровга олинганнинг жасадини топширган, яна 24 жасад Ғазода қолмоқда.