Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳамасга босим ортмоқда: Исроил ва АҚШ урушни қайта бошлаш билан таҳдид қилди
Агар сулҳ шартлари бузилса, уруш қайта бошланади. «Исроил мен айтган заҳоти кўчаларга қайтади”, деди Доналд Трамп. Бунинг ортидан Ҳамас ўз қўлидаги барча ҳалок бўлган исроилликларнинг жасади топширилганини айтди. Қолган жасадларни Ғазо вайроналари остидан чиқариш учун махсус техникалар зарур.
15 октябрь куни кечқурун Ҳамас яна икки жасадни топширди. Бунгача Ҳамас 28 нафар ҳалок бўлган гаровдаги исроилликдан 7 нафарининг жасадини топширган, Исроил эса саккизинчи жасад гаровдагилардан бирига тегишли эмаслигини билдирган эди.
«Биз ўзимиздаги барча тирик исроиллик асирларни, шунингдек, қўлимиз етган жасадларни топшириш орқали келишувдаги мажбуриятимизни бажардик... Қолган жасадларни топиш ва чиқариб олиш эса катта саъй-ҳаракатлар ҳамда махсус техник воситаларни талаб қилади», дея Ал-Қассам бригадалари баёнотидан иқтибос келтирмоқда The Guardian нашри.
Ҳамас ҳарбий қанотининг баёноти Исроил мудофаа вазири Исраэл Кацнинг огоҳлантирувидан кейин янгради.
«Агар Ҳамас келишувга риоя қилмаса, Исроил АҚШ билан ҳамкорликда жанговар ҳаракатларни қайта бошлайди ва Ҳамасни тўлиқ мағлуб этиш, Ғазодаги вазиятни ўзгартириш ҳамда урушдаги барча мақсадларига эришиш учун ҳаракат қилади,» — дейилади IDF баёнотида.
Трамп ҳам Ҳамас келишувни бажармаса, Исроилга жангни давом эттиришга рухсат беришни кўриб чиқишини айтди:
«Исроил мен айтган заҳоти кўчаларга қайтади. Агар улар кириб бориб, уларни янчиб ташлашга киришса, шундай қилади,» — деди Трамп CNN’га телефон орқали берган қисқа изоҳида.
Жасадларни қайтаришдаги баҳс сулҳ келишувини издан чиқариши мумкин бўлган асосий масалалардан биридир. Исроил кейинги босқичда Ҳамаснинг қуролсизланиши ва ҳокимиятни топширишини талаб қилмоқда, бироқ Ҳамас бунга рози эмас.
Нима учун жасадларни қайтариш осон иш эмас?
Исроилнинг мудофаа вазирлигининг огоҳлантирувидан кейин АҚШнинг юқори даражадаги маслаҳатчилари журналистларга Ҳамас ўлик гаровдагиларнинг жасадларини қайтариш мажбуриятини бажаришга интилаётганини маълум қилди.
Бу вақт олади: чунки улар бир неча ойлар олдин ҳалок бўлган бўлиши мумкин. Исроилнинг Ғазо шаҳрининг бомбардимон қилиши эса гаровдагилар ва жасадларни вайроналар остида қолиб кетишига олиб келган. Энди уларни қўл меҳнати билан олиб чиқиш қийин бўлади, аниқ жойлашувини ҳам топиш қийинлашади.
«Дастлаб тўрт жасад қайтарилганда ҳафсаласи пир бўлиш ҳолатлари бўлди, лекин биз уларга разведка маълумотини беришимиз биланоқ улар кейинги кун яна жасадлар топширди», дея АҚШ расмийсининг сўзини келтирмоқда нашр.
АҚШ ва бошқа воситачилар ҳалок бўлган асирларнинг жасадларини топишда ёрдам бераётган шахсларга мукофот дастурини жорий этишни кўриб чиқмоқда. Туркия эса Ғазога жасадларни қидириш бўйича мутахассислар юбориш учун музокаралар олиб бораётгани билдирилди.
АҚШнинг ҳарбий босими
Ҳамас душанба куни Ғазо шаҳрида жамоат хавфсизлигини таъминлаш учун жиноий тўда аъзоларини ўлдириши ортидан АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) раҳбари адмирал Бред Купер баёнот берди.
Купернинг сўзларига кўра, АҚШ Ҳамасдан «тўлиқ қуролларни ташлаб» президент Доналд Трампнинг Ғазо бўйича режаси талабларига «қатъий риоя этишини» кутмоқда.
«Биз ўз хавотирларимизни воситачиларга етказдик. Улар билан тинчликни таъминлаш ва Ғазодаги бегуноҳ фуқароларни ҳимоя қилиш учун ҳамкорлик қиламиз», — деди у.
Сулҳ доирасида АҚШ Марказий қўмондонлиги бошчилигида Исроилга 200 нафаргача америкалик ҳарбий юборилиши кутилмоқда. Бироқ уларнинг ҳеч бири бевосита Ғазо ҳудудига киритилмайди.
Аслида Ҳамаснинг бу хавфсизлик амалиёти Трампнинг «Ҳамасга Ғазода вақтинча тартибни сақлаш учун рухсат берилган» деган сўзларидан кейин бошланган эди. Трамп эса журналистларга «улар бир нечта жиноий гуруҳ аъзоларини ўлдиришгани ва бу уни безовта қилмаслигини» айтган.
Трампнинг тинчлик режаси Ҳамасни ҳокимиятдан четлаштириб, қуролсизлантирилган Ғазода халқаро назорат остидаги фаластинлик қўмита бошқарувини назарда тутади. Режага кўра, халқаро барқарорлаштириш миссияси ташкил этилиб, у фаластинлик полициясини тайёрлаш ва қўллаб-қувватлаш билан шуғулланади.
Ёрдам карвонлари
Чоршанба куни БМТ кузатувчилари ҳамроҳлигида озиқ-овқат ва ёқилғи ортилган юк машиналари Керем Шалом чегарасидан Ғазога киритилди. Рафаҳ ўтиш пункти эса пайшанба куни қайта очилиш арафасида, бироқ Исроил Ҳамас жасадларни жуда секин қайтараётганини баҳона қилиб, ёрдамни чеклаши мумкинлигидан огоҳлантирди.
БМТ ва инсонпарварлик ташкилотлари эса Исроилдан «минглаб юк машиналари»ни Ғазога киритиш учун кўпроқ ўтиш пунктларини очишни талаб қилмоқда.
«Бизга ёрдам оқимининг кескин оширилиши зарур – минглаб инсонларнинг ҳаёти бунга боғлиқ. Фуқароларга ёрдамни тўсиш савдолашув воситаси эмас. Бу – халқаро ҳуқуққа кўра мажбуриятдир», — деб ёзди БМТнинг энг юқори даражадаги ёрдам координатори Том Флетчер.
Фаластинлик жасадлар ва қийноқлар далиллари
Келишувга кўра, Исроил 360 нафар фаластинликнинг жасадини қайтариши керак. Шифокорлар маълумотига кўра, Исроил ҳозиргача қайтарган 90 та жасаднинг аксарияти қийноқлар излари билан, кўзлари боғланган, қўллари кишанланган ва бошига ўқ теккан ҳолда топилган.
«Олиб келинганларнинг деярли барчаси кўзлари боғланган, боғланган қўллари билан, кўз оралиғидан ўқ еган эди. Уларнинг деярли ҳаммаси отиб ўлдирилган», — деди Хон Юнусдаги Нассер шифохонаси ходими, доктор Аҳмад ал-Фарро.