Спорт | 21:55 / 17.10.2025
7346
7 дақиқада ўқилади

Ўртоқлик ўйинлари фойдали бўлди – Исмоилов интизомдаги камчиликлар, ҳужумчи муаммоси ва рақиблар ҳақида

Футбол бўйича Ўзбекистон U-17 жамоасининг жаҳон чемпионатидаги иштирокига саноқли кунлар қолди. Мундиал олдидан жамоа бош мураббийи Исломбек Исмоилов матбуот анжуманида қатнашиб, ўртоқлик ўйинларида олинган хулосалар ва ЖЧ учун режалари ҳақида гапирди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

17 октябр куни Миллий футбол марказида Ўзбекистон U-17 жамоаси бош мураббийи Исломбек Исмоилов ва футболчи Азизбек Эримбетов иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Дастлаб Исмоилов Туркия билан ўйинда қизиққонлик ортидан олинган сариқ карточкаларга тўхталди. У бундай хатолар катта ўйинларда панд бермаслиги учун алоҳида ишланаётганини айтди.

“Энди бу нарса кўпроқ менталитет билан боғлиқ. Сабаби биз қизиққон халқмиз. Бу нарса қонимизда бор. Лекин бунинг устида футболчилар билан жуда кўп ишларни амалга оширяпмиз. Айнан ўша Осиё чемпионатидан кейин ўйин ҳолатлари қайтадан кўриб чиқилган ва ҳар томондан футболчиларга тушунтириш ишлари олиб борилган.

Энди 17 ёш – бу ўтиш даври ҳисобланади, қийин ҳозирги ҳолатда. Шунга қарамасдан, ҳар битта ўртоқлик учрашувларидан кейин ҳам бунинг устида тинимсиз ишларни амалга оширяпмиз. Ҳаттоки машғулотларда ҳам кимдир оддий сариқ карточка олса, унга жарималар қўллаганмиз.

Энди қўлдан келганча ҳамма ишлар амалга ошириляпти. Яна мусобақага яқин вақт қолганда, уларнинг устида бир қатор тушунтириш ишларини олиб борамиз. Ўйлайманки, энди бу сафар унақа қўпол хатолар бўлмайди”, дейди Исмоилов.

У ўртоқлик ўйинлари фойдали бўлганини қайд этган.

“Бу ўртоқлик учрашувида биз иккала ўйинда (Туркия ўсмирларига қарши ўйинлар) икки хил тактикани кўздан кечирдик. Биринчи ўйинда 4-2-2-2 схемасини, кўпроқ ўша майдон маркази орқали ўйнаш тактикасини кўриб чиқдик. Бунинг учун бизда футболчилар етарли даражада эди. Шунинг учун ҳужумчисиз ўйнадик, кўпроқ яримҳимоячиларга имконият бердик. Футболчилар имкон даражасида бу нарсаларни бажаришга ҳаракат қилишди ва биринчи ўйиндан кейин таҳлил қилдик.

Иккинчи ўйинда эса, одатий 4-3-3 схемасига қайтдик. Икки хил таассурот қолдирди. Ўзига яраша плюс-минус томонлари бор. Умуман, бу ўйиндан асосий мақсад – ўша якуний қарорни қабул қилишимиз учун футболчиларга баҳо беришимиз керак эди. Деярли 90 фоизга ўша футболчилардан жаҳон чемпионатига бориши керак бўлган 21 талик таркиб бўйича қарор қабул қилдик, десам ҳам бўлади. Ўйлайманки, бу ўйинлар жамоа фойдасига ишлади”, дейди мураббий.

Исмоилов Туркияга қарши баҳсда футболчилар ЖЧ олдидан ўзини аяганини ҳам қўшимча қилди.

“Туркия борини бериб ўйнади. Худди охирги ўйинини ўйнаётгандек”, дейди у.

Мураббий ҳужумчи Нурбек Сарсенбаев учта ўйинга дисквалификация қилинган бўлса-да, у турнирга олиб кетиш имкониятини истисно этмаяпти.

“Сарсенбаевга келадиган бўлсак, албатта, бу ҳозирги кунда оғриқли нуқта бўлиб турибди. Нурбек жамоа учун жуда кўп фойдаси теккан футболчи. Биз бунинг устида жуда кўп бош қотирдик ва бир қанча ҳужумчиларга имконият бердик. Афсуски, ҳозирги ҳолатда кўп имконият берилган футболчилар терма жамоа даражасида эмас. Шунинг учун Нурбекнинг бориш-бормаслиги тўғрисида ҳали барибир якуний қарор қабул қилингани йўқ. Лекин мусобақа давомида бизга умуман ёрдам бермайдиган футболчидан кўра, гуруҳ ўйинларидан кейин бизга барибир Нурбекнинг ёрдами тегади. Албатта, гуруҳдан чиқамиз, Худо хоҳласа. Бунга жамоанинг салоҳияти етади.

Бундан ташқари, бизда ҳужум чизиғида ҳозир Азизбек Абдумўминов ҳам бемалол ҳаракат қила олади. Сайфиддин Содиқов ҳам ҳужум марказида ўйнайди. Ҳужум марказида ким ўйнаши муаммо эмас. Сабаби биз қўяётган ўйин услубида айнан қайсидир позицияда ўйнайдиган футболчи эмас, балки барча позицияларда ҳаракат қила оладиган футболчиларни жамлашга ҳаракат қиляпмиз”, дейди Исмоилов.

У жамоанинг жисмоний ҳолати ҳақидаги саволга ҳам жавоб қайтарди.

“Жисмоний ҳолатга келадиган бўлсак, умуман, ҳозир мана замонавий футболда, Европада футболчиларнинг ўша ёшлигидан бошлаб алоҳида эътибор бериладиган жиҳат бўлиб қолди. ЎФА томонидан айнан жисмоний тайёргарлик бўйича барча шароитлар яратиб берилмоқда ва мураббийлар ҳам тинимсиз шунинг устида иш олиб боришяпти. Осиё чемпионатидан олдин кўпчилик жамоанинг жисмоний ҳолатига эътироз билдирганди. Лекин мусобақа кўрсатдики, жамоа ўйиндан ўйинга қўша олди. Ҳамма жамоалар, кўп жамоалар ўйиндан ўйинга орқага кетса, бизнинг жамоа аксинча, ўйиндан ўйинга ўзидаги салоҳиятини кўрсата олди. Ва биз шу тайёргарликни андоза сифатида ушлаб қолганмиз. Жаҳон чемпионатига ҳам бу нарсани мукаммаллаштирилган ҳолатда тайёргарлик кўрдик.

Энди бу ерда ҳар хил омиллар бор. Биринчидан, ёш футболчи, ўзгараётган организм. Қайсидир футболчида, масалан, 17 ёшда организм бошқа ҳолатда бўлади, қайси биридадир бошқа ҳолат. Шу нарсаларни ҳам ҳисобга олиб боряпмиз. Доимий равишда футболчиларни мониторинг қилиб борамиз. Бунинг устида кўп ишлаймиз. Ўйлайманки, жаҳон чемпионатида ҳам жамоа ўша Осиё кубогида бўлгандек, ўзининг жисмоний ҳолатининг энг баланд даражасини кўрсата олади”, дейди мураббий.

Исмоилов шогирдларининг ўртоқлик ўйинларида кўрсатган натижасидан кўнгли тўлмаганини қайд этди.

“Мураббий сифатида ўзи ҳеч қачон, ҳеч қайси ўйиндан кўнглим тўлмайди. Чунки биз доим кўпроқ хато кўзи билан қарашга ҳаракат қиламиз. Сабаби, мақсадимиз жамоа ўйинини янада ривожлантириш, такомиллаштириш. Шунинг учун ҳали жамоанинг ўйинидан тўлиқ кўнглим тўлгани йўқ”, дейди у.

У гуруҳдаги рақиблар ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.

“Энди жаҳон чемпионатида осон рақибнинг ўзи бўлмайди. Масалан, Парагвайни оладиган бўлсак, ўзининг қитъасида Аргентинани, Чилини ютган, яхши жамоа. Панама ҳам худди шунақа, яхши жисмоний тайёргарликка эга жамоа. Ирландия ҳам жисмоний жиҳатдан анча кучли, Европа жамоаси. Лекин учала жамоага қарши биз ўйлаб қўйган режаларимиз бор. Худо хоҳласа, учала жамоани ҳам мағлуб этишга ҳаракат қиламиз”, дейди у.

Исломбек Исмоилов тадбир якунида ЎФА томонидан аниқ чемпионлик вазифаси белгиланмагани, вазиятга реал қараш кераклигини билдирди.

“Лекин биз жамоа сифатида бу нарса учун ҳаракат қиламиз. Шунинг учун раҳбарият томонидан аввалги натижалардан кўра яхшироқ натижалар қайд этиш олдимизга вазифа қилиб қўйилган”, дейди у.

Эслатиб ўтамиз, ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати 3-27 ноябр кунларида Қатарда бўлиб ўтади.

Мавзуга оид