Бугун, 5 ноябр куни Ўзбекистон U-17 жамоаси жаҳон чемпионатидаги иштирокини бошлайди. Исломбек Исмоилов бошчилигидаги ўсмирлар жамоаси дастлабки ўйинда Парагвайдан келган тенгқурларига қарши баҳс олиб боради.
Учрашув старти Тошкент вақти билан соат 18:00 га белгиланган. Ўйин Спорт ТВ жонли эфирида трансляция қилинади.
Гуруҳдаги кейинги ўйинлар Ирландия (8 ноябр) ва Панама (11 ноябр) жамоаларига қарши бўлиб ўтади.
Саудиядаги қаҳрамонлик

Исломбек Исмоилов бошчилигидаги жамоа апрел ойида Саудия Арабистонида ўтказилган Осиё чемпионатида жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритганди.
Ўшанда жамоа аввалбошдан турнир чемпионлиги учун асосий фаворитлардан бири эканини намойиш этганди. Гуруҳ босқичида дастлаб Таиланд 4:1 ҳисобида мағлуб этилган, иккинчи турда Хитой устидан 2:1 ҳисобида иродали ғалабага эришилган бу орқали гуруҳ босқичи ва жаҳон чемпионати йўлланмасини ҳал қилинганди. Учинчи турда мезбон Саудия Арабистонига қарши расмиятчиликка айланган ўйинда йирик 3:0 ҳисобида якунланганди.
Плей-оффда эса аввалига БАА 3:1 ҳисобида таслим этилди, яримфиналда эса КХДР дарвозасига жавобсиз 3 та тўп киритилди, ҳолбуки шимолий кореяликлар чоракфиналда Индонезияни 6:0 ҳисобида мағлубиятга учратганди.
Финал эса чинакамига драматик тус олди. Ўзбекистон вакилларига биринчи бўлимнинг ўзида икки бор қизил карточка кўрсатилди: аввалига 39-дақиқада Нурбек Сарсенбаевга қўполлик учун тўғридан тўғри қизил карточка кўрсатилди ва футболчи майдонни кўзда ёш билан тарк этди. Биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда эса Миразиз Абдукаримов «сўнгги умид фоли» учун майдондан четлатилди.
Лекин бу зарбалар жамоага акс таъсир кўрсатди ва футболчилардаги иштиёқ ҳаддан ортиқ даражада ортиб кетди. Иккинчи бўлим бошида мезбонлар футболчиси жарима майдони ичида тўпни қўли билан ўйнади, Муҳаммад Ҳакимов эса белгиланган пеналтини аниқ ижро этиб, ҳисобни очди.
70-дақиқада эса Садриддин Ҳасанов тезкор қарши ҳужумда рақиб посбони билан яккама-якка вазиятга чиқиб борди ҳамда тўпни унинг оёқлари орасидан ўтказиб, иккинчи голни урди.
Ўйиннинг қолган қисмида ҳисоб ўзгармади ва Ўзбекистон вакиллари 9 киши ҳолатида ғалабани сақлаб қолиб, Осиё чемпионига айланди.
Бу жамоа турнир давомидаги олти ўйинда рақиблар дарвозасига жами 17 та гол уриб, атиги 3 та гол ўтказиб юборганди.


















