Спорт | 22:06 / 05.11.2025
12553
2 дақиқада ўқилади

Ёш футболчиларда ҳаяжон сезилди – Исломбек Исмоилов биринчи ўйин ҳақида

Ўзбекистон U17 терма жамоаси бош мураббийи Исломбек Исмоилов Қатарда бошланган ФИФА жаҳон чемпионатининг 1-туридан ўрин олган Парагвайга (2:1) қарши ўйиндан кейин ўз фикрларини айтди.

Фото: ЎФА

Бош мураббий футболчилардаги ҳаяжонни қайд қилди ва кўплаб (5 та) сариқ картани ёшларнинг ҳиссиёти билан изоҳлади.

«Оғир кечган ўйинда ғалаба қозондик. Бунақа турнирларда рақиб олдидаги ҳаяжонни енгиш биринчи навбатда талаб этилади. Бунинг устида жуда кўп ишларни олиб бордик. Шунга қарамасдан ёш ўйинчиларда барибир ҳаяжон сезилиб турди.

2:0 ҳисоби пайтида ўйинни назорат қилдик, керакли вақтда ҳимояланишни ҳам билдик. Бу олдиндан ўйланган режа эди.

Футболчилар ўйиндан олдин мураббийлар томонидан айтилган кўрсатмаларни тўлиқ бажарди. Уларга миннатдорчилик билдираман.

Рақиб жисмонан кучли жамоа эди, шуни ҳисобига биз кўпрок тактика ва тезкорликни режа қилган эдик. Биринчи таймда булар амалга ошди.

Сариқ карталар? Бу футбол, ҳиссиётлар ҳар доим бўлади. Эътибор берган бўлсангиз, бундан олдинги ўйинларда бошқа жамоаларда қизил карталар ҳам кўп бўлди. Биз буни футболчиларга олдиндан тушунтирамиз, руҳий ҳолати бўйича алоҳида ишлаймиз. Лекин бу ҳолат ёш билан боғлиқ деб ўйлайман. Бу ҳолатларни кўриб чиқамиз. Энг муҳими ғалаба эди, буни футболчилар уддалади», деди бош мураббий.

Ўзбекистон U17 терма жамоаси навбатдаги ўйинни 8 ноябрь куни Ирландияга қарши ўтказади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид